Ўзбекистондан бўлган қарийб 5,35 минг зиёратчи баҳорги мавсумда Саудия Арабистонига «Умра» (кичик ҳаж) зиёрати учун йўл олишади. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Қўмита маълумотларига кўра, бу мавсум давомида зиёратчиларга Саудия Арабистонида 8 нафар ишчи гуруҳ, 8 нафар ошпаз ва 27 нафар шифокорлар гуруҳи хизмат кўрсатади.

Ўн кунлик умра сафари давомида ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун бўлиб, «Нур Мавадда» меҳмонхонасида истиқомат қилиши режалаштирилган. Макка шаҳрида эса Ҳарам масжидидан 500-600 метр масофада жойлашган «Аброж Кисва» меҳмонхонаси зиёратчиларни кутиб олишга шай ҳолатга келтирилган бўлиб, умрачилар у ерда 7 кун давомида бўладилар.

Умра зиёратига тайёргарлик доирасида барча зиёратчиларимиз мавсумий касалликларга қарши эмланиб, давлат рамзи туширилган камзул ва сумкалар билан таъминланади. Сафар олдидан уларга умра сафарининг моҳияти, уни адо этишга доир масалалар гуруҳ раҳбарлари томонидан тушунтириб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ўртасидаги келишувга кўра, «Умра-2017» баҳор мавсуми зиёратчиларини кузатиш 20 февралдан 1 апрелга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” фонди таклифларига биноан ҳамда ўзбек халқининг бағрикенг ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, жорий йилда мазкур кенгаш томонидан бир ва ундан ортиқ маротаба ҳаж ва умра сафарларига борган шахсларнинг муборак зиёратларга боришлари кечиктириб турилиши ҳақида қарор қабул қилинганди.