Бугун, 12 февраль куни Туркманистон президенти сайловлари ўтмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 07.00да очилди ва 19.00гача очиқ бўлади.

Ушбу президент сайлови республика мустақилликка эришганидан кейинги бешинчиси, сиёсий партиялардан номзодлар иштирокидаги биринчисидир.

Туркманистон президенти лавозимига ҳаммаси бўлиб 9 номзод, жумладан мамлакат президенти Гурбангули Бердимухамедов даъвогарлик қилмоқда.

Гурбангули Бердимуҳаммедов ўз оиласи аъзолари билан президент сайловида овоз бериш учун сайлов участкаларидан бирига ташриф буюрган. У сайлов участкасига оиласи — ота-онаси, ўғли, қизлари ва набиралари билан келди. Оиланинг барча аёллари миллий либос, эркаклар эса костюмда бўлган.

Турманистон телевидениесида маълум қилинишича, президент Ашхободдаги 68-мактабда ташкил этилган 48-сайлов участкасида овоз берган. У овоз бергач, йиғилганларга мурожаат қилган.

"Халқимиз бугун ўз тақдирини ҳал этиш учун сайловда иштирок этмоқда. Миллионлаб кишилар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда, ўзи истаган номзодга овоз бермоқда. Улар келажак олдидаги буюк масъулиятини ҳис қилиб, кейинги 7 йилда давлатни бошқарадиган номзодни танлашда иштирок этишмоқда", — деган Бердимухамедов.

Бошқа номзодлар ҳам якшанба куни тонгида сайлов участкаларига келиб, овоз бериб бўлишган.

Туркманистон президенти шу мамлакатда туғилган, 40дан ёш бўлмаган, туркман тилини биладиган, охирги 15 йил давомида Туркманистонда яшаб, ишлаган фуқаро бўла олиши мумкин. 

Сайловда партия вакиллари номзод сифатида иштирок этиши мамлакат конституциясининг 2016 йил сентябрда тасдиқланган сўнгги таҳририга мувофиқ киритилди, унда кўппартиявийлик ҳақидаги қоидалар, фуқаролик жамияти ва жамоатчилик бирлашмаларини ривожлантириш учун шароитлар яратиш зарурлиги белгиланди. Президент ваколатлари муддати 5 йилдан 7 йилгача узайтирилди, президентликка номзодлар учун ёш чегараси олиб ташланди, у аввал 70 ёшни ташкил этар эди.

Республиканинг асосий қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олиб, 2016 йилнинг 14 декабрида номзодларни сайловларда иштирок этиш учун илгари суриш бошланди, 26 декабрда эса улар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинди.

Сайловларда жами 2578та сайлов участкаси очилган, шундан 39таси Туркманистоннинг мамлакатдан ташқаридаги дипломатик миссиялари қошида очилди.

Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, 1 миллионга яқин сайловчи овоз бериб бўлган ва сайловдаги давомат 30,5 фоизни ташкил қилган.

Видео: Туркманистон президенти сайловчилар қаршисида гитара чалиб, қўшиқ куйлади