Деярли уч ойлик танаффусдан кейин Европа чемпионлар лигаси яна қайтмоқда. 14 февралдан бошлаб кўҳна қитъанинг энг нуфузли мусобақаси плей-офф босқичига старт берилади. Tribuna.Uz куннинг асосий учрашуви анонси билан сизни таништириб ўтди.

«ПСЖ» – «БАРСEЛОНА»
14 февралдан 15 февралга ўтар кечаси 00:45. Париж. «Парк-де-Пренс» стадиони
Бош ҳакам: 
Шимон Марчиняк (Польша).
Трансляция: (UzReport, Матч ТВ)

Ўйин олдидан
«ПСЖ»

Франциядаги ички мусобақалардаги муваффақиятлардан зериккан «ПСЖ» янги мавсумни сўнгги учта Европа лигасида ғалаба қозонган испаниялик мураббий Унаи Эмери бошқарувида бошлади. «Барселона» ҳақида етарлича маълумотга эга бўлган мураббий 20 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида амалга ошмай келаётган ишни амалга ошириши керак бўлади.

Парижликлар ҳозирда мамлакат чемпионатида иккинчи ўринда бормоқда. «ПСЖ» бўлажак ўйинга яхши кайфиятда ташриф буюради, сабаби жамоа сўнгги турда «Бордо» устидан йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 

«ПСЖ» Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида  6та учрашувнинг биронтасида мағлуб бўлмади ва ўртача ҳисобда ҳар бир ўйинда иккитадан гол уришга муваффақ бўлди. Бугун жамоа мазкур яхши анъанани давом эттириш орқали керакли натижага эришишга ҳаракат қилиб кўради.

«Барселона»

«Барселона» ҳам бу учрашувга яхши кайфиятда ташриф буюрмоқда. Испания чемпионатидаги сўнгги ўйин (Алавес – Барселона 0:6) буни тасдиқлаб турибди. Чемпионлик учун курашда имкониятни бой бераётган жамоа буёғига асосий эътиборини Чемпионлар лигасига қаратиши турган гап.

Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида «Барселона» «ўлим гуруҳи» дея таъриф берилган тўртликда 6та учрашувнинг фақат биттасида, «Манчестер Сити»га қарши меҳмондаги учрашувда (1:3) мағлубиятга учради. 18 очколик имкониятдан 15 очко жамғарган каталонияликлар жамоаси ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 3тадан гол уришга муваффақ бўлди. 

Қизиқарли фактлар
– Икки жамоа сўнгги 5 мавсумда учинчи марта плей-офф босқичида дуч келмоқда;
– «ПСЖ» барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда сўнгги 11та ўйининг 10тасида ғалаба қозониб, бир маротаба дуранг натижа қайд этган;
– парижликлар жамоаси 2016 йилнинг март ойидан буён ўз майдонида мағлуб бўлмаяпти. 24та учрашувда 17та ғалаба;
– «Барселона» ҳам 11та расмий учрашувдан буён мағлубиятга учрамай келмоқда: 8 ғалаба, 3 дуранг;
– каталонияликлар жамоаси меҳмондаги сўнгги 5та ўйиндан 4тасида зафар қучган;
– шунингдек, Энрике шогирдлари меҳмонда самарали ҳаракат қилишмоқда. Жамоа сўнгги 5та ўйинда 14та гол урган;
– Унаи Эмери «Барселона»га қарши сўнгги 10та учрашувнинг фақатгина биттасида ғалаба қозонган, шунингдек унинг қўл остидаги жамоа ўз уйида «Барселона»ни қабул қилган сўнгги бешта ўйинда ҳам фақат бир марта зафар қучган.

Ўзаро учрашувлар
Сўнгги йилларда бу икки жамоанинг йўли айнан шу мусобақада кўп кесишмоқда. Мисол учун охирги 5 мавсумда жамоалар ўзаро бешинчи марта учрашишади. Бу 10та уйда ва меҳмонда ўтказиладиган ўйин дегани.

Бугунги кунгача жамоалар ўзаро жами 9 марта тўқнаш келишган. Шундан 8таси расмий учрашув бўлиб, уларнинг барчаси ЕЧЛ доирасида бўлиб ўтган. Тўртта ғалаба «Барселона» ҳисобида. «ПСЖ» икки учрашувда зафар қучган, икки учрашувда дуранг натижа қайд этилган. Тўплар нисбати: 14-9. Саккиз учрашувнинг 6таси плей-офф босқичига тўғри келади. Икки марта «Барселона» рақибини мусобақадан чиқариб юборган бўлса, парижликлар биринчи ва охирги марта 1994/95 йилги мавсумда «Барселона»ни мусобақадан чиқариб юборганди.

Йўқотишлар
Учрашув олдидан таркиб борасида иккала жамоада ҳам жиддий муаммолар юзага келган. Унаи Эмери бу ўйинда Хавьер Пасторе ва Тиаго Мотта хизматидан фойдалана олмаслиги олдиндан маълум эди. Бугун жамоа сардори Тиаго Силванинг ҳам учрашувда иштирок эта олмаслиги аниқ бўлди. Шунингдек, Гжегож Криховякнинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда.

Каталонияликларда эса йўқотишлар кўпроқ. Учрашувни жароҳати сабаб Хавер Маскерано, Рафинья, Арда Турон ва Алеиш Видал ўтказиб юборади. Яқиндан бошлаб сафга қайтган Андрес Иньеста ва Жерар Пикенинг ҳам жисмоний ҳолати идеал даражада эмас.

Тахминий таркиблар:
ПСЖ: 
Ареоля, Орье, Курзава, Кимпембе, Маркиньос, Рабьо, Матюиди, Верратти,  Ди Мария, Лукас Моура, Кавани.
Барселона: тер Штеген, Серхи Роберто, Пике, Матьё, Альба, Бускетс, Ракитич, Иньеста, Месси, Суарес, Неймар.

Учрашув олди иқтибоси
«Месси-Суарес-Неймарни қандай қилиб тўхтатиб қолиш мумкин? Фақат тангридан ёлвориб сўраш керак» © Тиаго Силва.