Ҳолливудлик машҳур актёр Ҳаррисон Форднинг самолёти йўловчи лайнери билан тўқнашиб кетишига бир бахя қолди. Ҳодиса Калифорния штатида лайнер қўнишга тайёрланаётганида юз берди, деб хабар қилмоқда NBC телеканали.

Маълум бўлишича, душанба куни юз берган воқеа пайтида авиадиспетчерлар Фордга самолётни Оринж округидаги Жон Уэйн номидаги аэропорт учиш-қўниш йўлагига қўндириши лозимлигини айтишган. Бироқ актёр хато туфайли лайнерни айлантириб оладиган йўлакка қараб парвозни давом эттирган. Унинг самолёти American Airlines авиакомпаниясининг бортида 110 йўловчи бўлган лайнери устидан учиб ўтиб кетган.

Телеканал маълумотига кўра, йўловчи самолёти бир неча дақиқа ўтиб омадли равишда парвоз қилган.

"Бу лайнер менинг тагимда бўлиши керак эдими?" – дея сўраган Форд диспетчерлар билан суҳбатда. Улар актёрга қўниш чоғида йўл қўйган хатоси ҳақида хабар беришган. АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси вакиллари актёрга тўғри йўриқнома беришганини маълум қилди. Форд вакиллари эса бу борада ҳозирча изоҳ беришмади.

Айни дамда бошқарма юз берган ҳодиса юзасидан суриштирув олиб бормоқда, унинг якунига кўра, Форд парвоз қилишга ҳуқуқ берувчи лицензиядан маҳрум этилиши мумкин.

Маълумот учун, бу Ҳаррисон Форд бошқарувидаги самолёт билан рўй берган биринчи шундай ҳодиса эмас. 2015 йилнинг мартида актёр томонидан бошқарилган енгил моторли самолёт – Иккинчи жаҳон уруши давридаги Ryan PT-22 Recruit Калифорниядаги Санта-Монико шаҳри аэропорти яқинидаги гольф майдонига қулаганди. Форд ҳодисадан бироз вақт аввал двигатель носозлиги ҳақида хабар берган. Самолёт қулаб тушгандан сўнг актёр ўрта даражадаги бош жароҳатлари билан касалхонага олиб кетилганди.