Япониялик журналист Йожи Гоми Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ўгай акаси шахси ҳақида аввал ҳеч ким билмаган тафсилотларни келтирди. У бир неча кун аввал Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳри аэропортида ўлдирилганди. Бу ҳақда The Telegraph ёзмоқда.

2012 йилда Гоми ўз ичида марҳум билан шахсий суҳбатлари ва электрон ёзишмалари акс этган китобни тақдим этди. Мухбирнинг янги изоҳлари эса Япониянинг Tokyo Shimbun газетасида эълон қилинди.

Журналистнинг сўзларига кўра, Ким Чен Нам Шимолий Кореядан чиқиб кетишига қадар ҳам мамлакатда ислоҳотлар ўтказишга чақирган. Кейинчалик у бир неча бор КХДР режими албатта қулаши, Ким Чен Ин эса давлат раҳбари лавозимини узоқ муддат эгаллаб тура олмаслигини айтиб ўтган.

Шу билан бир қаторда, Гомининг айтишича, Ким Чен Нам ҳеч қачон укаси билан юзма-юз кўришмаган, КХДР раҳбарияти ҳақидаги шахсий суҳбатларда эса у “терлаган ҳамда ўзини ноқулай ҳис қилган”. “У худди ўз сўзларини қандай қабул қилишларини сезишга ҳаракат қилгандек тасаввур уйғотарди”, - дея таъкидлаб ўтди журналист.

Шунингдек у Ким Чен Нам қотиллиги Шимолий Корея ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашишига олиб келишига ишончи комил эканини ҳам айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу марҳум Хитой ҳудудида яшагани ва Пекиндан ҳаттоки хавфсизлик бўйича кафолатлар олгани билан боғлиқ. “Хитой бу ҳодиса юзасидан ҳалигача ҳеч қандай расмий баёнот бермади. Бу улар ҳам вазиятдан ҳайратга тушишганини кўрсатади”, - дея қўшимча қилган журналист.

Маълумот учун, Ким Чен Нам Куала-Лумпур аэропортида 13 февраль куни ўлдирилди. Турли оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, қотиллик ортида Шимолий Корея ҳукумати турган.

Марҳум шимолий кореяликлар собиқ етакчиси Ким Чен Ирнинг никоҳдан ташқарида туғилган ўғли саналади. У КХДРни 2001 йилда тарк этган бўлиб, ўша вақтдан бери ватанига бир маротаба ҳам бормаган. Мамлакатдан чиқиб кетгунига қадар ҳукуматда бир қатор юқори лавозимларни эгаллаган.