19 февраль куни Япониянинг Саппоро шаҳрида VIII қишки Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур маросим Саппоро Доум (Sapporo Dome) стадионида ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу арена 2002 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионати учрашувларига ҳам мезбонлик қилган. 

Тантанали очилиш маросимидан аввал Саппорода Ўзбекистон байроғини кўтариш тантанали маросими ўтказилди. 

VIII қишки Осиё ўйинлари 19 – 26 февраль кунлари Япониянинг Саппоро ва Обихиро шаҳарларида бўлиб ўтиши белгиланган. 

Мусобақаларда иштирокчилар спортнинг 11та тури бўйича беллашадилар. Булар: хоккей, биатлон, кёрлинг, фигурали учиш, шорт-трек, конькида югуриш, тоғ чанғи спорти, чанғи пойгаси, фристайл, сноуборд ва трамплиндан сакраш спорт турларидар. Обихирода фақат конькида югуриш бўйича мусобақалар ташкил этилса, бошқа барча спорт турлари бўйича баҳслар Саппорода ўтказилади. 

Қишки Осиё ўйинларида жами 32та мамлакатдан ташриф буюрган 1200 нафар спортчилар иштирок этади. Эътиборли жиҳати Осиёнинг 30та мамлакати қаторида бу сафар Океания минтақаси вакиллари – Австралия ва Янги Зеландия терма жамоалари ҳам мусобақада меҳмон сифатида қатнашишади. Фақат ушбу минтақа вакиллари медаллар учун кураш олиб боришмайди. 

Бу сафарги қишки Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини фигурали учиш бўйича терма жамоа аъзоси Миша Ге ҳимоя қилади. У ўз иштирокини 24 февралда бошлайди. Шу куни қисқа дастур бўйича мусобақалар Тошкент вақти билан соат 14:05да бошланади. 26 февраль куни Тошкент вақти билан соат 08:00да эркин дастур бўйича беллашувлар ўтказалиб, у ушбу баҳсларда ҳам қатнашиши режалаштирилган. 

Шунингдек, 26 февраль куни Макоманай муз саройида мусобақаларнинг тантанали ёпилиш маросими ўтказилади.