«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Кун.узга маълум қилишича, Somon Air авиакомпаниясининг Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича парвозлари аниқ амалга оширилади. Бунинг учун қонунда белгиланган тартибда айрим жиҳатларга ойдинлик киритиб олиш зарур. Хусусан, хорижий авиакомпанияларнинг Ўзбекистон Республикасига доимий парвозлари Ўзбекистон давлат авиация назорати томонидан 2008 йил 25 февралда тасдиқланган 33-сонли «Хорижий авиакомпанияларнинг Ўзбекистон Республикасига доимий авиапарвозларни амалга ошириши бўйича кўрсатмалар» асосида амалга оширилади. 

Мазкур кўрсатмалар асосида хорижий авиакомпания «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКга ҳужжатлар тўпламини топширади. Бироқ, у Ўзбекистонга доимий парвозларни амалга ошириш режалаштирилаётган кундан камида 30 кун аввал топширилиши лозим. 

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 10 февралда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Дирекциясида Somon Air МЧЖ делегацияси билан учрашув бўлиб ўтган эди. Унда Тожикистон авиакомпанияси томонидан Ўзбекистон Республикасига доимий парвозларни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар тўплами тақдим этилганди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Тожикистон авиакомпанияларининг Тошкент ва Душанбе шаҳарларига доимий парвозларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинганди. 

Айни вақтда, Somon Air МЧЖнинг Ўзбекистонга доимий парвозларни амалга ошириш учун рухсатнома бериш масаласи, ушбу компания тақдим этган ҳужжатлар асосида қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда. 

2017 йил 23 февралда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКда Somon Air авиакомпаниясининг ишончли вакили Бахтиёр Алимуродов билан учрашув бўлиб ўтган ва унда Тожикистон авиакомпаниясининг Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича парвозларни амалга оширишига доир тушунтиришлар берилган. Шу билан бирга, хорижий авикомпанияларнинг Ўзбекистон Республикасига авиапарвозларни амалга ошириш тартибларига ойдинлик киритилган.

Миллий авиакомпаниянинг Кун.уз билан суҳбатда бўлган вакили ушбу рейс тез орада амалга оширилишига умид билдирди.