Италиялик кекса ёшли сайёҳ Таиланднинг Пхукет шаҳри аэропортида бомба ҳақида қилган ҳазили сабаб 3 минг евро жарима тўлаши ва мамлакатда бир неча кун қолиб кетиши, жумладан турмада ўтиришига тўғри келди, деб хабар бермоқда Италия ОАВ.       

Италия матбуотининг таъкидлашича, 20 февралда Таиланддаги ҳордиқдан кейин уйига қайтаётган 70 ёшли Жоржо Паскуинуччининг божхона назоратидан ўтаётганда "менда бомба йўғ-е" деган ҳазил иборасини италянчани билмаган аёл полициячи томонидан "бомба" деб қабул қилинган. Полициячи шундан кейин ҳамкасбларини бу ҳақда хабардор қилган. Натижада кекса эркак самолёт ўриндиғида ўтириши ўрнига оддий шароитлар ҳам бўлмаган турмада ўтиришига тўғри келган.     

"Мен полда ухлашимга тўғри келди. Камерада ҳамиша неон рангдаги чироқ ёқиқ турарди. Унитаз ўрнига эса полда тешик ўйилган бўлиб, унинг олдида сув солинган кўза турарди", деб эсламоқда эркак.

Пенсионернинг Пхукетдаги "саёҳати" биргина ҳазили деб чўзилиб кетди. У гаров пули тўлаб, турмадан меҳмонхонага ўтгач, яна бир ҳафта суд қарорини кутишига тўғри келган.

Унга 2 йиллик қамоқ жазоси хавф солган, бироқ адвокат маслаҳатига кўра Паскуинуччи ўз айбини тан олиб, 3 минг евро жарима тўлаган, деб хабар бермоқда La Repubblica нашри. Шундан кейингина италияликнинг Таиланддаги "саргузаштлари" якун топди ва у келаётган душанба, 6 март куни ўз уйига қайта олади.