Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари раҳбарлигидаги делегациянинг Покистонга ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Исломоддаги элчихонасида “Савдо карвони: Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номидаги доимий фаолият юритувчи кўргазма залининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Жаҳон АА хабарига кўра, тадбирда Покистон ҳукумати, Исломобод, Sialkot, Лаҳор Савдо-саноат палаталари, ушбу мамлакат ишбилармон доиралари ҳамда йирик қурилиш компаниялари вакиллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Кўргазма залида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 170 турдаги маҳсулотлар, жумладан, 51 номдаги қурилиш материаллари, 48 номдаги санитария техникаси, 66 номда кабел-ўтказгичлар ва маиший буюмлар тақдим этилди.

Ўзбекистон маҳсулотларининг намойиш этилган намуналари покистонликларда катта қизиқиш уйотди. Хусусан, Bahria Town қурилиш компанияси ва “Ўзсаноатэкспорт” акциядорлик жамияти ўртасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларини Покистонга экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Бундан ташқари, Покистоннинг бир қатор қурилиш компаниялари ва мобил алоқа операторлари ўзбекистонлик шериклар билан тўғридан-тўғри муносабатларни йўлга қўйишга қизиқиш билдиришди.

Кўргазма иштирокчилари шунингдек, замонавий ва юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган маиший техника тизими, жумладан, Artel компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган “ақлли” телевизорлар ва планшетларга эътибор қаратишди. Покистон вакиллари кўргазмага қўйилган ўзбекистонлик саноатчилар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш соҳасида муваффақиятли ислоҳотлар олиб борилгани, бу эса дунё бозорларининг барча талабларига жавоб бера оладиган ишлаб чиқариш салоҳияти шаклланишига хизмат қилганини таъкидлашди.

Тақдимот якунлари Express Tribune, The Nation, Dispatch News Desk каби Покистоннинг марказий нашрлари ҳамда PTV NEWS маҳалий телевидениесида кенг ёритилди.