Jaguar Land Rover гуруҳи Швейцариянинг Zenith ишлаб чиқарувчиси билан ҳамкорликда Chronomaster El Primero - махсус соатлар сериясини тайёрлади. Мазкур янги линия Range Rover Velar йўлтанламас (внедорожник) соҳибларига аталган. Бу ҳақида Motor'да хабар берилди. 

1969 йилда Rover компаниясига тегишли биринчи йўлтанламаснинг тест прототипи пайдо бўлди. Унинг номи Velar бўлиб, лотинча «velare» - "қопламоқ, яширмоқ" маъноларини англатади. Ўша йилнинг ўзида Zenith компанияси El Primero (таржимаси - "биринчи") номи остидаги автомат заводли хронограф прототипини ишлаб чиқди. У 1/10 сониялик вақт интервалларини ўлчай оларди. 

Янги Range Rover Velar'га аталган соатлар сайқалланган мис билан қопланган 42 миллиметрли корпусга эга. Корпуснинг тескари томонида, Range Rover ва Velar номлари ўйилган. Хронограф тасмаси резинадан тайёрланган ва бузоқчанинг тўқ кўк териси билан қопланган (автомобиль ўриндиғини қоплашда ҳам худди шундай), қисқичи эса титандан тайёрланган.  

Соат нархи ошкор этилмади. Одатий Chronomaster El Primero 10 минг долларга яқин баҳоланади.