Хитой фуқароларига икки нафардан фарзандли бўлиш ҳуқуқини бериш сиёсати режага мувофиқ амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш ва туғилишни режалаштириш давлат қўмитаси раҳбари ўринбосари Ван Пэйань матбуот анжуманида маълум қилди.

2016 йил 1 январидан Хитойда 1970-йилларнинг охиридан қўлланилган "бир фарзанд сиёсати" бекор қилинди. 

"Янги сиёсат амалиётга жорий қилинганига бир йилдан ошди, айтиш мумкинки, унинг натижалари кутилганидек кўзга ташланмоқда", — деган Ван Пэйань. Унинг айтишича, сиёсат бошланганидан буён 2016 йил охирига келиб мамлакатда 18,46 миллион бола туғилган. 

Бироқ, Ван Пэйаннинг таъкидлашича, бу сиёсатни амалга оширишда қийинчиликларга дуч келинмоқда. Хусусан, иккинчи фарзандни дунёга келтирган аёллар ишга қайтишда сунъий тўсиқларга дуч келмоқда. Бундан ташқари, 3 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган боғчалар етишмаяпти. 

Унинг сўзларига кўра, келгусида оилалар иккинчи фарзандли бўлишларига ижобий туртки бериш учун қўллаб-қувватлаш сиёсатини давом эттириш зарур. 

Аввалроқ, Ван Пэйань Хитой ҳукумати иккинчи фарзандли бўлганларга пул мукофоти бериш имконини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар қилган эди. 

Ўтган асрнинг 70-йиллари охиридан Хитойда "Бир оила — бир фарзанд" сиёсати жорий этилди. Унга мувофиқ, шаҳарликлар бир нафар, қишлоқ жойдагилар, биринчи фарзанди қиз бўлса икки нафар фарзандли бўлишлари мумкин эди. Бироқ, вақт ўтган давомида бу сиёсат демографик муаммоларни келтириб чиқарди. Жинслар ўртасидаги номутаносиблик, кексайиш ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг камайиши шулар жумласидандир. 

Расмий маълумотларга кўра, Хитой аҳолиси 2016 йил охирига келиб 1,382 миллиард кишини ташкил этган. Уларнинг 708,15 миллиони эркак, 674,56 миллиони аёллардир.