Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари билан биргаликда икки аёлнинг ўз фарзандларини сотишга уринишларининг олдини олишди. Бу ҳақда Sputnik Узбекистан нашри мухбирига МХХ вакили маълум қилди

Маълумотларга кўра, Хоразм вилояти Ҳозарасп туманида яшовчи 23 ёшли Пошшахон Рўзимова ўзининг фарзандини 1000 долларга сотмоқчи бўлган. Кўзига пулдан бошқа нарса кўринмаган аёл 4 ёшли қизчаси учун "аталган" пулни олаётган вақтда қўлга туширилди. 

Шунга ўхшаш тадбир давомида шу туманда яшовчи 22 ёшли Зубайда Хўжаева қўлга олинди. Бадбахт она 3 ёшли қизчасини 1500 долларга алмашиб юбормоқчи бўлганда қўлга туширилди.

Ушбу ҳолатлар бўйича аёлларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми ("Одам савдоси") бўйича жиноий ишлар қўзғатилган. Тергов тадбирлари давом этмоқда. 

Бугунги кунда одам савдоси дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда ушбу иллатнинг олдини олиш учун жиддий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши ва Ўзбекистон Президентининг "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу йўналишдаги муҳим қадамлар бўлди.