Вазирлар Маҳкамасининг 9 февралдаги қарорига кўра, «Ўзкимёсаноат» компанияси бошқаруви раиси этиб Абдуҳошим Абдуллаев тайинланган. «Ўзэлтехсаноат» компаниясига эса Фазлиддин Бакиев раҳбар бўлган. Бу ҳақда ҳукумат порталида маълум қилинган.

«Ўзкимёсаноат»нинг аввалги раиси Нормат Ибрагимов 14 январь куни ўтказилган, мамлакатни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида президент Шавкат Мирзиёев томонидан танқидга учраб, ишдан олинганди.

Худди шу мажлисда «Ўзэлтехсаноат» компанияси раҳбари Эркин Иминов ҳам ўз лавозимидан ажралганди.

Абдуҳошим Абдуллаев (1950 йили туғилган) 2008 йилдан буён «Фарғонаазот» компанияси раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди. Ундан олдин эса 2006—2008 йилларда Фарғона вилояти ҳокими, 2005—2006 йилларда — Марғилон ҳокими бўлиб ишлаган. 1992—2005 йилларда эса Фарғона «Азот» компаниясида аввал директор ўринбосари, кейинроқ бош директор лавозимларида фаолият юритган.

Абдуҳошим Абдуллаев.
Фото: uzkimyosanoat.uz

Фазлиддин Бакиев (1969 йилда туғилган) 2007 йилдан Вазирлар Маҳкамасида фаолият юритиб, 2013 йилдан макроиқтисодий ривожланиш, таркибий ислоҳотлар ва хорижий инвестициялар жалб этиш масалалари бўйича йиғма ахборот-таҳлил департаменти раҳбари лавозимини эгаллаб келган. 1995—2005 йилларда Марказий банкда турли лавозимларда ишлаган. 2005—2007 йилларда Марказий банк раиси ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.