Бугун Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финал жавоб учрашувларига якун ясалади. Дастлабки учрашувларнинг энг қизиқарлиси деб топилган «Манчестер Сити» ва «Монако» ўртасидаги жавоб учрашуви ҳам кескин курашларга бой ўтиши кутилмоқда. Tribuna.Uz кунинг энг эътиборли учрашувига батафсил тўхталади.

Монако – Манчестер Сити (16 мартга ўтар кечаси, 00:45, UzReport, Матч ТВ)
Айтиб ўтганимиздек Манчестерда кечган дастлабки учрашув ақлбовар қилмас даражада кечган ва ЕЧЛ плей-оффлари тарихидаги энг сермаҳсул учрашувлардан бири бўлганди. Жавоб учрашуви ҳам голларга бой бўлиши кутилмоқда. Ҳужумкорликни яхши кўрадиган икки жамоа ўртасидаги учрашувдан сермаҳсулликни кутиш табиий. Гвардиоланинг ўзи ҳам бу қадар кўп гол урадиган жамоага қарши ҳимояда ўйнаб бўлмаслигини таъкидлаб ўтган. 

Ўйин олдидан
Монако


«Монако» ўзининг барча даврларидаги энг яхши мавсумини ўтказмоқда. Декабрда «Лион»дан мағлубиятга учраган монегаскликлар ўшандан кейин ўтказилган 17 учрашувда фақат «Этиҳад»да имкониятни бой бериб қўйди. Жардим шогирдлари ўз уйида идеал футбол намойиш этмоқда. Жамоа мезбон сифатида ўтказган саккиз учрашувнинг барчасида ғалаба қозонди. Бор-йўғи учта гол ўтказиб юборди. Жамоа Франция чемпионатида сўнгги икки учрашувда ғалаба қозонди, князлик клуби ҳамон турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. «Монако» икки фронтда ҳам кураша олишини исботлаб келмоқда.

Манчестер Сити


Январда «Эвертон»дан учралган мағлубиятдан кейин «Манчестер Сити» ҳали ҳеч бир учрашувда мағлубиятга учрамади. Гвардиола жамоаси кетма-кет 11 учрашувдирки, майдонни бош эгиб тарк этмаяпти. Кубокда «Мидлсбро» ва чемпионатда «Сандерленд» осонлик билан мағлуб этилган бўлса, ўтган ҳафта ўртасида «Сток Сити»га қарши чемпионат ўйинида жамоа рақиблар дарвозасини ишғол қила олмади. «Манчестер Сити» «Монако»га қарши учрашувдан кейин ҳимояда ҳам ишончли ўйин кўрсатиб келмоқда. Жамоа сўнгги учта учрашувдан буён ўз дарвозасидан тўп ўтказмаяпти. Энг асосийси жамоа меҳмонда ўтказилган сўнгги олти учрашувда ўз дарвозасини дахлсизлиги сақлаб қолди ва клуб рекордини ўрнатди.

«Сити» ўтган йилги ЕЧЛдаги муваффақиятли мавсумни энг камида такрорлашга уриниб кўришади. Бундан ташқари Хосеп Гвардиола ўзи бошқарган жамоалар билан ҳали ҳеч қачон 1/8 финалда мағлубиятга учрамаган. Ўтказилган еттита қарама-қаршиликнинг барчасида Гвардиола жамоаси кейинги босқичга йўлланма олган. 

Йўқотишлар 
«Монако» таркибида Камил Глик сариқ карточкалар сонининг ошиб кетгани боис иштирок эта олмайди. Габриэль Бошилья ва Гвидо Карильо ҳам бу учрашувни ўтказиб юбориши аниқ бўлиб улгурган. «Манчестер Сити»да эса ЕЧЛ заявкасига киритилган футболчилардан биргина Габриэл Жезуснинг жароҳат олганини эслатиб ўтиш жоиз.

Тахминий таркиблар
Монако: 1. Субашич, 23. Менди, 24. Ражжи, 5. Жемерсон, 19. Сидибе, 27. Лемар, 2. Фабиньо, 14. Бакайоко, 10. Бернарду Силва, 29. Мбаппе, 9. Фалькао.
Манчестер Сити: 13. Кабальеро, 3. Санья, 30. Отаменди, 24. Стоунз, 11. Коларов, 42. Туре, 17. Де Брюйне, 19. Сане, 21. Сильва, 7. Стерлинг, 10. Агуэро

Учрашувдан олдинги фикрлар
Леонардо Жардим, «Монако» бош мураббийи:

«Кейинги босқичга чиқишимиз учун, учта гол киритишимиз керак бўлади. Чунки ўйин ўта ҳужумкор руҳда кечади. Қарши ҳужумларда жуда кўп бўш зоналар юзага келади. Балки яна жуда кўп голлар киритилар?

Биздан биринчи учрашувда йўл қўйган хатоларни четлаб ўтиш талаб этилади. Бу даражадаги учрашувда майдонга чиқар экансан, бор кучинг билан ҳаракат қиласан ва чарчоқни ҳам унутасан.

Қўрқаётганим йўқ. Бундай учрашувлардан завқ олиш керак. Биринчи учрашувда «Манчестер Сити» зўр ўйнагани учун эмас, ўзимиз йўл қўйган баъзи жузъий камчиликлар сабаб мағлубиятга учрадик. Бугун ўша камчиликларни тўғрилашимиз керак бўлади».

Хосеп Гвардиола, «Манчестер Сити» бош мураббийи:

«Агар биз ўзимизни кейинги босқичга чиқиб бўлган деб ҳисоблаганимизда бу жуда катта хато бўларди. Учрашувнинг биринчи дақиқасиданоқ жамоам ғалаба қозониш учун майдонга тушганини исботлашини хоҳлайман. Биз албатта гол уришимиз керак.

«Монако» – ажойиб жамоа. Барчани эртанги учрашувни томоша қилишга таклиф этаман, келганлар ажойиб футбол гувоҳига айланишади. Ҳимояланишнинг энг тўғри йўли – голлар киритиш. Битта жамоа бу қадар кўп гол киритганида, сен ҳимоя ҳақида ўйлашинг – бу ўз жонига қасд қилиш. Мақсадимиз – ҳужум қилиш. Бу жамоа осонликча гол ўтказиб юбормаса ҳам уларга бешта гол уришга муваффақ бўлдик.

Кетма-кет етти марта ЕЧЛ ярим финалларида ўйнаганим ҳақида ўйлаётганим йўқ. Менинг вазифам – «Манчестер Сити»га кейинги босқичга чиқиши учун кўмаклашиш. Яна нима хоҳлашим мумкин – бу яхши футбол кўрсатиш. Ҳозирги орзуим бу чорак финалга йўлланма олиш».