16 март куни Ўзбекистон Республикаси президентининг «Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, бугунги кунда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарадорлиги ҳали замонавий талабларга жавоб бермаяпти.

«Тез тиббий ёрдам хизматларининг малакали кадрлар, дори воситалари, тиббиёт ускунаси, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланганлиги даражаси етарли эмаслигича қолмоқда. Кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг замонавий механизмларини, шунингдек, шошилинч тиббиёт соҳасида маҳаллий илмий-амалий ишланмаларни жорий этишга етарлича эътибор берилмаяпти», дейилган фармонда.

Шошилинч тиббий ёрдамнинг тезкорлигини, технологиклиги ва самарадорлигини тубдан кучайтиришга, аҳолига ўз вақтида малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича даволаш, илмий-методик ва таълим ишларининг бутун комплексини энг юқори даражада ташкил этишга йўналтирилган аҳолига шошилинч тиббий ёрдам бериш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари этиб белгиланган:
мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва малакали кадрлар билан бутланган шошилинч тиббий ёрдам беришнинг замонавий, юқори технологик ва самарали тизимини шакллантириш; 

шошилинч тиббиёт соҳасида илмий, методологик ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, ушбу мақсадларда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда тез тиббий ёрдамнинг республика хизматлари фаолиятига илғор технологияларни ва иш услубларини жорий этиш; 

шошилинч тиббий ёрдам тизимида аҳоли орасида ўлим ва ногиронликни пасайтиришга йўналтирилган замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини, диагностика воситалари ва усулларини, бирламчи тиббий-санитария ёрдамни ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларни даволашни кенг қўллаш; 

шошилинч тиббиёт соҳасида профилактика, диагностика ва даволаш усуллари ва технологияларини кучайтириш ва самарадорлигини ошириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, тавсияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш асосида шошилинч тиббий ёрдам хизматларининг бошқа вазирликлар ва идораларнинг шошилинч хизматлари билан ўзаро тезкор ҳамкорлигининг самарали механизмларини жорий этиш; 

шошилинч тиббий ёрдам соҳасида тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг тезкорликнинг замонавий жаҳон талабларига, юқори технологиклиги ва самарадорлигига мувофиқ кечиктириб бўлмайдиган ва тез тиббий ёрдам хизматини ўз ичига оладиган ягона ташкилий тузилмасини ташкил этилади.

Тез тиббий ёрдамнинг кўчма бригадалари фаолиятини тезкорлик билан мувофиқлаштиришни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг шошилинч хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлайдиган маълумотлар узатишнинг ягона базасини ва тармоғини ташкил этган ҳолда шошилинч тиббий ёрдамни бошқаришнинг ахборот тизими жорий этилади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг маълумотларни узатишнинг ягона тармоғига бирлаштирилган ҳамда республиканинг барча ҳудуди бўйича тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари ташкил қилинади.

2017-2020 йилларда 240та объект мукаммал таъмирланади ва 369та объект жорий таъмирлаш йўли билан тез тиббий ёрдам хизмати бинолари ва хоналарининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланади. 

Тез тиббий ёрдам кўчма бригадаларини тасдиқланган нормативларга мувофиқ дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва сарфлаш материаллари билан босқичма-босқич таъминлаш, шу жумладан, ушбу мақсадлар учун 2017 йилда молиялаштириш ҳажми камида 2 баравар кўпайтирилади.

Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг тез тиббий ёрдам кўчма бригадалари Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг ҳудудий филиаллари орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан марказлаштирилган тартибда таъминланади.

2017 йилда 1200та ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари сотиб олиш йўли билан тез тиббий ёрдам хизмати, шу жумладан, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг автопаркини янгиланади, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб тез тиббий ёрдам хизматининг ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларига техник ва сервис хизмати кўрсатишни уларни тегишли ҳудудий ихтисослаштирилган автобазага бериш йўли билан ҳудудий даражада марказлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Хонобод шаҳарчасидаги 5-уй манзилида жойлашган Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалини ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу фармон билан белгиланган вазифалардан келиб чиқиб тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази тўғрисидаги низомни бир ҳафта муддатда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказнинг ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари 2019 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатишини, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг шошилинч хизматлари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмлари жорий этилишини таъминлаши белгиланган.

2017 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг тез тиббий ёрдам станциясини унинг туманлардаги кичик станциялари билан биргаликда юридик шахс мақомини сақлаб қолган ҳолда таркибий бўлинма сифатида Марказга беради. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари эҳтиёжлари учун олиб келинадиган технологик ва телекоммуникация ускунаси, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва дастурий таъминлаш 2020 йил 31 декабргача бўлган даврда божхона тўловларидан озод қилинади (божхона йиғимлари бундан мустасно).