Ўзбекистонлик спортчи Оксана Чусовитина Боку шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогининг таяниб сакраш баҳсларида олтин медални қўлга киритди. У 14.333 баллга эга бўлди.

Кумуш медаль 14.067 баллга эга бўлган австралиялик гимнастикачи Эмили Литтлга насиб этган бўлса, бронза медалини словениялик спортчи Тейе Белак (13.750 балл) қўлга киритди.

Маълумот учун, Боку шаҳридаги гимнастика Миллий аренасида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогининг алоҳида йўналишлари бўйича финалининг илк куни бугун старт олди. 

Спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубоклари финали 19 март куни якунига етади. Бокудаги беллашувларда 23 давлатдан бўлган спортчилар иштирок этмоқда.