Умрини илм-маърифатга бағишлаган одам учун энг азиз неъмат нима? Бу вақт... Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вақтнинг ҳар бир дақиқасини илмга сарлайдиган, одамлар қалбига ҳидоят, эзгулик уруғини қадайдиган бағрикенг олим эдилар. 

Ҳазрат Ислом оламида ўзининг илму-ирфони билан миллионлаб инсонларнинг устозига айланган олим дарғалардан эди. Тиним билмас, ҳалол ва нур юзли олим эдилар. Оилапарвар, миллатпарвар, ватанпарвар олим эдилар. 

Кун.uz ҳазратнинг ўғли, Исмоил Муҳаммад Содиқ билан суҳбат уюштирди. Мазкур суҳбат давомида ҳазратнинг вафоти, уларнинг оила масаласидаги қарашлари, шундай инсоннинг фарзанди бўлиш масъулияти, китобга бўлган муҳаббат, жамиятимиздаги маънавият ва қатор бошқа масалалар тилга олинди.

Йўқотиш

“Албатта, ҳазратни вафотлари барчамиз учун, хусусан, мусулмонлар учун оғир йўқотиш бўлди. У кишининг ҳаётлари, бутун умрлари фақат яхшиликка сарфланган бўлганлиги сабабидан, биз албатта қайғурганимиз билан, ўша пайтда у кишини ҳаётлари мазмунли, фойдали ўтгани учун шу нарса бизга тасалли берди”.

Оила

“Оиламизнинг асоси, оиладаги умумий ҳаёт тарзини албатта шариат ахкомлари ташкил қилади. Ҳазрат нафақат оилада, балки умуман инсонлар билан бўлган муносабатларда жуда ҳалим одам эдилар. Яқин, ўзларини фарзандлари ёки набираларидан бошқа одамларнинг фарзандларини бирон марта сенсираганликларини эшитмаганмиз. Ўзимизни уйдагиларга ҳам иложи борича фақат сизлаб мурожаат қилишга ҳаракат қилардилар. У кишининг хафа бўлганликлари, ранжиганликларининг асосий белгиси – индамасдан қўярдилар”.

Фарзандлик масъулияти

“Ҳазратнинг фарзандлари бўлиб юриш албатта бошқаларга қараганда кўпроқ масъулиятни талаб қилади. Бу масъулиятни инсон учун машаққатли тарафлари ҳам бўлиши мумкин, лекин бунинг орқасидан савоб оламиз деган умид бўлгани учун бу нарса биз учун енгил ҳолатга ўтган”.

Китобга муҳаббат

“Китобга бўлган муҳаббат илмга бўлган муҳаббатни асосида бўлган. Ҳазратнинг дўстларини айтишига қараганда, уларни бир маротаба бўлса ҳам китобсиз кўришмаган, ҳаттоки мадрасани устунига суянган ҳолда танаффусда ҳам китоб ўқиган эканлар. Отамизни ҳам, онамизни ҳам қўлларида доимо китоб бўлган”.

Муносиб давомчи

“Ҳазрат жуда кўп одамни тарбиялаб кетганлар. Шу нуқтаи назардан мен битта ўзим эмасман. Яхши жамоамиз бор. Ўлим ва унга тааллуқли бўлган масалаларда бир китоб тайёрлаганмиз, таҳрир жараёнида, яқин кунларда чиқиб қолади”.

Фазилат

“Ҳазратни бошқалардан асосий фарқлари - вақтнинг қадрини жуда яхши билганлар. Ҳаётларини тартибли ўтказганлар. Ҳаёт давомида нафақат илм, бошқа ҳамма нарсага вақт топганлар. У киши вазифа сифатида иш қилардилар. Яъни, ҳаётдаги иш бирламчи, ундан кейингиси, ундан кейингиси каби тартибга қўйилган бўлган. Бадантарбияга алоҳида эътибор берар эдилар. Ҳафтасига уч маротаба спорт билан шуғулланар эдилар”.

Жамият маънавияти

“Аслида маънавият масаласи муаммо эмас. Лекин ҳозирги кундаги мусулмонларнинг ҳолатидан келиб чиқиб, уларга муаммо туюлаётган бўлиши мумкин. Бунинг асосий сабаби диндан, шариатдан узоқлашилганлиги. Ҳамма муаммо мусулмонларнинг ўзида. Ёш оилаларнинг мустаҳкамлаб бўлиши учун албатта уларнинг тарбияси билан шуғулланиш керак. Бу нарсаларни тушунтириш йўли билан ҳал қилиш керак”.

Исмоил Муҳаммад Содиқ билан кечган суҳбатимиз жуда мароқли бўлди. Мазкур суҳбатни сайтимизнинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Tas-IX

Видео: YouTube

Аввалроқ ҳазратнинг иниси, Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф билан суҳбат уюштирганимиз ҳамда мазкур суҳбат давомида ҳазратнинг болалик давридан тортиб, илм йўлида қилган ишларига қадар бўлган умр йўли тилга олингани ҳақида хабар бергандик.