2001 йил 11 сентябрида АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида рўй берган терактлар натижасида қурбон бўлганларнинг қариндошлари Саудия Арабистонини судга бериб, қироллик ҳукуматини «Ал-Қоида» террорчилик тармоғини қўллаб-қувватлашда айблади.

The Hill нашрининг ёзишича, 800 нафардан ортиқ киши номидан берилган умумий даъво 20 март душанба куни Нью-Йоркнинг Манҳэттен тумани федерал судига топширилган.

Нашр маълумотига кўра, даъвогарлар Саудия Арабистонини «Ал-Қоида»га молиявий ва бошқа моддий кўмакларни кўрсатганликда айблаган. Уларнинг фикрича, расмий Ар Риёд қироллик фуқаролари бўлган теракт ижрочиларининг камида 3 нафари «Ал-Қоида»га алоқадор бўлганини билган.

«Саудия Арабистони ўзини иккиюзламачи сифатида тутган. Улар АҚШ ҳамда бошқа Ғарб мамлакатлари олдида ўзларини ушбу террорчилик тармоғи ва терроризм билан кураш олиб бораётган давлат сифатида тутди, аслида эса Саудия ҳукумати номидан фаолият олиб борган шахслар «Ал-Қоида»га жиддий моддий кўмак тақдим этган», дейилган мурожаатда.

Уларнинг таъкидлашича, Ар Риёднинг кўмагисиз 11 сентябрь терактлари амалга ошмаган бўларди.

«Саудия Арабистони теракт натижасида етган барча зарар учун даъвогарлар олдида жавобгардир», дея билдирган даъвогарлар.

Даъвогарлар Саудия ҳукуматидан товон пули ундиришни истамоқда, аммо улар қанча миқдордаги товон пули истаётгани маълум қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 10 сентябрида АҚШ Конгресси 11 сентябрь қурбонлари яқинларига Саудия Арабистонига қарши даъво қўзғашга рухсат берувчи берувчи ҳужжатни қабул қилган, бу ҳужжат Сенат томонидан маъқулланган эди.

Кўп вақт ўтмасдан мамлакат президенти Барак Обама ушбу қонун лойиҳасига вето қўйганди. Аммо Сенат унинг ветосини бекор қилганди.

2016 йилнинг 1 октябрида АҚШда 11 сентябрь воқеалари юзасидан Саудия Арабистонига қарши илк ариза топширилганди. Теракт туфайли турмуш ўртоғидан айрилган Стефани Росс Десимон қиролликни ушбу акт бўйича судга берган илк жабрланувчига айланганди.