Вьетнамнинг тўққиз нафар фуқароси йирик миқдордаги гиёҳванд моддалар контрабандаси учун ўлим жазосига маҳкум этилди. Бу ҳақда маҳаллий Tuoi Tre газетаси хабар бермоқда.

Барча жиноятчилар қуролланган контрабандачилар гуруҳининг аъзоси бўлган, улар героинни Лаос ҳудудидан Вьетнам ҳамда Хитойда сотиш учун олиб ўтиш билан шуғулланган. Гуруҳ 2012-2015 йиллар давомида умумий қиймати 683 минг доллар бўлган героинни олиб ўтган ҳамда сотган, дейилади хабарда. 

Ўлим жазосига наркотикларни олиб ўтиш ва сотишда бевосита иштирок этган фақатгина тўққиз киши маҳкум этилди. Яна тўққиз шахс умрбод озодликдан маҳрум этилган бўлса, 5 нафар жиноятчи 18 ойдан 20 йилгача бўлган муддатга қамалди.

Вьетнам хавфсизлик полицияси жиноий гуруҳга нисбатан суриштирувни 2015 йилда бошлаганди – аввалига контрабандачилардан бири ушланди, унинг ёнидан тинтув жараёнида героин ҳамда тўппонча топилди. Кейинчалик полициячилар жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини ҳам ҳибсга олишган.

Маълумот учун, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари, хусусан Вьетнамда гиёҳванд моддаларни тарқатиш ва контрабандаси билан боғлиқ жиноятлар учун анча қаттиқ жазо назарда тутилган. Вьетнам, Таиланд, Лаос, Малайзия, Индонезия, Сингапур, Филиппин ва минтақанинг бошқа қатор давлатларида йирик ҳажмдаги гиёҳванд моддалар контрабандасига ўлим жазоси қўлланилади.