22 март куни Лондон марказида, Вестминстер туманида содир этилган ҳужумлар оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, 40 киши жароҳатланди, террорчининг ўзи йўқ қилинди.

Шу билан бирга мамлакат бош вазири Тереза Мэйнинг маълум қилишича, мамлакатда террорчилик таҳдиди юқори эмас.

22 март кунги воқеалар Буюк Британияда 2005 йилнинг 7 июлидаги воқеалардан бери энг қонлиси бўлди.

Воқеалар хронологияси

Маҳаллий вақт билан соат 14:40да (Тошкент вақти билан соат 19:40) сайёҳлар гавжум ҳудудда Вестминстер кўпригида ҳаракатланаётган машина одамлар устига юра бошлади, у бир қанча кишини босиб ўтиб, тротуар четидаги тўсиққа урилди. Машина ҳаракатланишда давом этиб, парламент биноси олдида тўхтади ва ундан чиққан террорчи полицияга иккита пичоқ билан қуролланган ҳолда ҳужум қилди. Полициячи олинган жароҳатлардан кейинчалик вафот этган, бошқа бир полициячи террорчини отиб ташлаган.

Тереза Мэйнинг сўзларига кўра, теракт учун жой тасодифан танланмаган. "Террорчилар ҳужум нуқтасини тасодифан танлашмайди, айнан шу ерда, пойтахтимиз марказида, парламент биноси атрофида турли маданиятлар вакиллари тўпланишади, бу биздаги демократия ифодаси ҳисобланади", деган бош вазир миллатга мурожаатида.

Терактдан кейин полиция парламент биносини ҳамда бош вазир қароргоҳини ўраб олди, "Вестминстер" метро бекати ва атрофдаги кўчалар ёпилди, "Лондон кўзи" мажмуаси фаолияти тўхтатилди.

Лондонда теракт. Ҳужум тафсилотлари (онлайн)

Аввалига ОАВда пайдо бўлган хабарлар бир-бирини инкор қиларди. Дастлаб кўприкда отишма рўй бергани ҳақида ёзилди, кейинроқ пичоқ билан қуролланган шахс одамларга ҳужум қилгани айтилди. Бу хабарлар натижасида бир неча нуқтада бир неча террорчи ҳаракатланаётгани ҳақида тасаввурлар пайдо бўлди.

Бу саволларга соат 18:00да аниқлик киритилди. Лондон полицияси бошлиғи ўринбосари Марк Роули брифингда баёнот берди. "Биз бундай ҳодиса ҳеч қачон рўй бермаслигига умид қилгандик, аммо афсуски, бу рўй берди", деди у матбуотга мурожаатида.

"Жароҳатланганлар сони 40 нафар, улар орасида оғир жароҳатланганлар бор. 5 киши ҳалок бўлди, улардан бири парламент биносида қўриқчилик қилган полициячи Кит Палмер эди", деган у кейинги баёнотида.

Роули Лондондаги ҳужумлар бир киши томонидан содир этилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳодиса халқаро терроризм билан боғлиқ бўлиши мумкин. У шаҳарда назорат кучайтирилишини маълум қилган.

Бош вазир мамлакатда террорчилик хавфи даражаси аввалги ҳолатда қолаётганини таъкидлади. 

"Террорчилик хавфи жиддийлигича қолмоқда. Хавф даражаси ошмаган", деган Мэй COBRA фавқулодда қўмитаси йиғилишидан кейин.

Фоторепортаж. «Лондон хаос ичида»

Ҳаёт ўз маромига тушди

Айни вақтда Вестминстер кўприги ёпиқлигича қолмоқда, бу ҳудудда полиция назорат ўрнатган. Парламент биносини ўраб турган ҳалқа ечилган.

Парламент 23 март кунидан фаолиятини давом эттиради, Шотландия ассамблеяси (парламенти) Лондонда юз берган теракт муносабати билан ҳудуднинг мустақиллиги масаласида ўтказиш режалаштирилаётган референдумга доир дебатларни тўхтатган.

"Вестминстер" метро бекатига кириш ва чиқиш ҳозирча ёпиқ.

Шаҳарнинг бошқа нуқталарида осуда вазият ҳукм сурмоқда.

Нималар аниқланди?

Текширувлар давомида ҳужумларни уюштирган шахс ҳақида янги маълумотлар пайдо бўлди. Independent нашри теракт ижрочилигида гумон қилинган шахс Абу Иззадин бўлиб, у бир қанча вақтни террорчилар билан ҳамкорлик қилгани учун қамоқда ўтказгани ҳақида ёзганди.

"Иззадин ҳукуматга террорчилар билан алоқадорлиги орқали таниш эди, у терроризмни қўллаб-қувватлагани учун қамалиб чиққанди", дея ёзилган нашрда.

Аммо ABC адвокатга асосланган ҳолда бу маҳбус ҳамон қамоқда қолаётганини маълум қилди.

Скотланд-Ярд айни вақтда террорчининг шахсини маълум қилмоқчи эмас.

Охирги йиллардаги терактлар

Лондон ҳам терактлардан холи ҳудуд эмас. Шимолий Ирландияда узоқ йиллар давом этган қонли ҳодисаларга барҳам бериш мақсадида тузилган 1998 йилги Белфаст келишувидан кейин ҳам Буюк Британияда бир қанча терактлар содир бўлди.

Энг қонли ҳодисалар 2005 йилнинг 7 июлида бўлиб ўтган. Ўшанда худкуш террорчилар Лондон метроси олдида ва автобусда 3 марта портлаш содир этишган. Бу ҳужумлар оқибатида 52 киши ҳалок бўлиб, 700дан ортиқ киши жароҳатланган.

Теракт ижрочиларининг барчаси, Муҳаммад Сиддиқ Хон, Шаҳзод Танвир, Ҳасиб Ҳусайн ва Жермейн Линдси Буюк Британия фуқаролари эди.
2013 йилнинг майида британиялик Майкл Адеболажл ва Майкл Адебовале  Лондонда ҳарбий хизматчи Ли Ригбини ўлдиришди. Қотиллар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2016 йилнинг 16 июнида депутат До Кокснинг ўлдирилиши ҳам террорчилик акти деб баҳоланган. Уни ультра ўнг гуруҳ аъзоси, британиялик Томас Мэйр ўлдирганди. Ушбу шахс ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.