Баҳор фаслининг биринчи ойи ҳам якунига етиб бормоқда. Кўклам айни мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазиладиган, сабзовотлар экиладиган давр.

Олтинкўллик боғбон Бердиёр Нишоновнинг боғига бориб, баҳорги экинларни экиш қандай амалга оширилиши ҳақида амалий кўрсатиб беришларини сўрадик.

Уста  деҳқон аввал халқимизда - “иккинчи нон” дейиладиган картошкани экиш ҳақида тушунча берди.

Демак, картошканинг “эртакиси” ер етилишига қараб, февралнинг иккинчи ярмидан бошлаб экилса, март ойининг иккинчи ярмидан апрелнинг биринчи ўн кунлигида “ўртакиси” ерга қадалади. 

“Бир сотихгина ерим бор қанча ҳосил олардим”, деб ўйламанг. Сабаби бир сотих жойга экилган картошкани яхшилаб парваришланса, ҳолланд навларидан 250 килограмм, маҳаллий навдан эса 200 килограмм ҳосил олинади.

Картошка экиш учун томорқадаги ер чопилиб, пушта олинади. Айтиб ўтамиз, картошкани текис ерга ҳам қадаш мумкин. Пуштани эса икки хил тайёрласа бўлади. Агар пуштанинг кенглигини 80 ёки 30 см олсангиз бир томонига уруғ қадайсиз. Экиш услуби жуда оддий. Уруғликка олинган картошкани ниш урган томонини тепага қаратиб, аввалдан тайёрланган “уя”га қўйиб, атрофига тупроқ тортасиз. Уяларнинг оралиғи 25 см бўлиши лозим.  Картошка икки ярим ойда етилади.

Ҳозир карамни ҳам очиқ ерга экишнинг айни пайти келди. Бердиёр ака берган маълумотларга кўра, карам 70 га экилганда 25-30 см оралиққа, 90 экилганида қисқа оралиққа экилар экан. Нав танлаганда маҳаллий ва Дания навларини экишга эътибор қаратиш муҳим. Карам 65-75 кунда етилади.

Шунингдек, помидор кўчатларини томорқа ва очиқ майдонларга экиш палласидамиз. Помидор 90лик пуштани икки бетига 30 см оралиқда экилади. 

Қуйида, юқорида сўз билан айтилган жараёнлар акс этган фотолавҳаларга эътибор қаратинг: 

Мақолани тайёрлашда яқиндан ёрдам берган Олтинкўл тумани ҳокимлигига миннатдорчилигимизни билдирамиз.           

Элмурод Эрматов, Андижондан Kun.uz сайти учун махсус тайёрлади