Анқарага ташрифини амалга оширган АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон Туркия бош вазири Биноли Йилдирим билан учрашув ўтказди.

Бош вазир қароргоҳида бўлиб ўтган ёпиқ эшиклар остидаги учрашув 40 дақиқа давом этган.

Учрашувда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли, унинг маслаҳатчиси Умид Ёлчин, Туркия ҳукуматининг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Карим Ўроз ҳам иштирок этган.

Тиллерсон ва Йилдирим Сурия ҳамда Ироқда ИШИДга қарши курашда ҳамкорлик қилиш масаласини муҳокама қилишган. Томонлар шунингдек Фатҳуллоҳ Гуленнинг ташкилотига қарши курашиш масаласи бўйича фикр алмашган.

Шундан сўнг Тиллерсоннинг Туркия президенти Ражаб Эрдўған билан учрашуви бошланган. Давлат Котиби Човушўғли билан ҳам алоҳида учрашув ўтказади. Якунда қўшма баёнот берилади.