Халқаро дзюдо федерациясининг Анталия Гран Присида ўзбекистонлик дзюдочи Мирзоҳид Фармонов олтин медални қўлга киритди. Ҳамюртимиз 73 кг гача вазн тоифасида мусобақа ғолиби бўлди.

Бу вазн тоифасида олтин медаль учун 26 дзюдочи, жумладан яна бир ўзбекистонлик спортчи Ғиёсжон Бобоев беллашди. Бироқ Бобоев словениялик Рок Драксичга чорак финалда мағлуб бўлди. Таъкидлаш жоизки, Ғиёсжон ўтган ҳафтада Тбилиси Гран Приси ғолиби бўлганди.

Фармонов мусобақанинг яримфиналида косоволик Акил Гжаков билан учрашиб, учта Ваза-ари билан ғолиб бўлди. Ҳамюртимиз учун финал баҳси оғир кечди, чунки у мусобақа мезбони вакили Ҳасан Ванлиоглу билан учрашишига тўғри келди. Маҳаллий мухлисларнинг турк дзюдочисини қизғин қўллаб-қувватлашларига қарамай, Мирзоҳиднинг бу баҳсда қўли баланд келди ва у Халқаро дзюдо федерацияси Гран Приларининг учинчи олтин медалини қўлга киритди.

Фармонов интервьюда ушбу ғалаба бутун Ўзбекистонники эканлигини айтиб ўтди.