12 апрель куни кечқурун «Ўзбекистон» телеканали «Мулоқот ва манфаат» кўрсатувини эфирга узатди. Кўрсатув эфирга узатилишидан аввал ижтимоий тармоқларда етарлича реклама қилинди ва томоша қилинди. Ундан хабар топганларнинг аксарияти кўрсатувни кўриб, ижтимоий тармоқлар орқали фикрлар билдирилгани буни исботлаб турибди.

Бироқ, ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчиларнинг катта қисми ушбу кўрсатувдан, унда айтилган гаплардан мутлақо қониқмаганликларини баён этишмоқда. Очиғи, ўзимга ҳам ёқмади.

Чиндан ҳам, Ўзбекистон Республикаси президенти девони масъул ходими Зоир Эргашев бошловчилигида олиб борилган кўрсатув танқидий руҳда ўтиши кутилганида, саволларга мужмал жавоблар ва бажарилиши даргумон ваъдалар берилиб, одамларни хотиржам қилишга бир уриниш бўлди. 

Кўрсатувда, асосан, президент виртуал қабулхонасига ёзилган айрим шикоятлар тилга олиб ўтилди ва уларга GM-Uzbekistan АЖ бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов, GM-Uzbekistan АЖ маркетинг, савдо ва автосервис бошқармаси бошқарувчи директори Муҳиддин Султонов, «Ўзавтотеххизмат» МЧЖ бошқуруви раиси Ботирхўжа Сиддиқов, «Асака банк» АТБ департамент директор ўринбосари Фаррух Тулавов, Давлат рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Азимов, «Асакабанк» АТБ департамент директори Беҳзод Абдураҳмонов, GM-Uzbekistan АЖ юридик бошқармаси бошлиғи Нодир Дўстмуродов жавоб беришди.

Халқимизни ташвишлантираётган айрим саволлар эфирда янграмади, бу саволларнинг жавоби нима бўлиши, мутасаддилар бунга қандай чора кўришлари очиқлигича қолиб кетди. Студияга ўзларини қизиқтираётган саволларни мутасаддиларга тўғридан-тўғри бериши мумкин бўлган мухлислар таклиф этилмаган, кўчаларда суратга туширилган эътирозлар эса ўта юзаки.

Масалан, айрим энг арзон ва харидоргир автомобиллар нега АҚШ долларига сотилиши ҳақида умуман гапирилмади. Айтайлик, ойлигини йиғиб, «Матиз» олмоқчи бўлган ўқитувчи нақд долларни қаердан олиши керак? «Асака банк» вакиллари жавоб бериши керак бўлган савол. GM-Uzbekistan АЖ маркетинг, савдо ва автосервис бошқармаси бошқарувчи директори Муҳиддин Султонов Иккинчи Жаҳон уруши қатнашувчиларига имтиёзлар, хусусан автомашиналар навбатсиз берилишини айтиб ўтди (шунда ҳам «долларлик» машиналар сўмга бериладими йўқми — буниси очиқ қолди). Раҳмат! Хўп, қўшимча даромади бўлмаган бюджет ташкилоти вакиллари — ўқитувчилар ва шифокорларга ҳам қандайдир имтиёзлар тақдим этиш (майли, навбатсиз бериш бўлмасин) — машиналарни миллий валютада харид қилишга рухсат бериш борасида бирор ташаббусни илгари суриб чиқса бўлмайдими?

Пластик карточкага автомобиль харид қилиш масаласига «Асака банк» АТБ департамент директори Беҳзод Абдураҳмонов банклар томонидан ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаганини айтиб ўтган эса-да, амалда ҳеч ҳам бундай эмас. Дилерларнинг ҳисоб рақами мавжуд бўлган исталган банкингизда синаб кўришингиз мумкин. Асло қучоқ очиб кутиб олишмайди. «Мумкин эмас!», деган қўрс жавобга дуч келасиз.

Оддий мисол: харидорлар тўлаган автомобилнинг 85 фоиз қийматига тенг пул 8–10 ойлаб GM-Uzbekistan махсус ҳисобрақамида туради. Бу миқдордаги пул банкда турганида қўшимча фоиз ишлаши ўша фоизлар автомобилнинг қолган 15 фоиз тўловини қоплаши мумкин. Ёки айтайлик, тадбиркор харидорларга 85 фоиз эмас, 15 фоиз олдиндан тўлаб, автомобилни банд қилиб қўйиш имконияти берилганида, автомобил чиққунга қадар 85 фоизни ўз бизнеси учун айлантириб, иқтисодиётимизга ҳисса қўшиш имконияти пайдо бўлар эди. 

Бироқ харидорлардан пулларни ярим йиллаб олдиндан олиб қўйиб, кейин берилган машина эгасига ёқмаса, уни алмаштириб бериш ёки пулини қайтариб беришда дилерлар жуда сусткашликка йўл қўйишяпти. GM-Uzbekistan АЖ юридик бошқармаси бошлиғи Нодир Дўстмуродов харидорлар тўлаган пул GM-Uzbekistan махсус ҳисобрақамига келиб тушиши, маблағ дилерларда турмаслиги, шу сабабли уни эгасига қайтариш жуда мураккаб жараён эканлигини тан олди. Демак, мана шу йўналишда ҳам аниқ ечим топиш керак, харидорларнинг қўл-оёғини боғламасдан. Муаммо борлигини тан олиш — унинг ечилганини билдирмайди-ку?!

Ўзим ҳам бир неча бор машиналар нархининг кескин оширилишидан азият чекканларни, ҳатто ўша машинадан воз кечиб, нақд пулларда тўлаган пулларини пластик карточкага бўлса ҳам қайтариб олишда пойабзалининг пошнаси ейилган бир неча одамни шахсан танийман.

Кўрсатувда тилга олинган бошқа муаммо — автомобилларни кредит расмийлаштириб харид қилиш. «Асака банк» АТБ департамент директор ўринбосари Фаррух Тулавов масалани ўта мужмал тушунтирди. Аслида, вазият қандай бўлиши керак?

Автосалонлар ва дилерлик пунктлари машина харид қилиш учун шартномани тақдим этиши ва бошқаси билан мутлақо иши бўлмаслиги керак. Шартномани қўлга олган харидор, автомобиль суммасининг 25 фоизини банк омонатига тақдим этиши, банк эса ўша автомобилни кредит тўлови мобайнида гаровга олиб, машина учун тўловни автосалонга ўтказиб бериши лозим. Бўлди! Бутун дунёда 100 йилдан бери ишлаётган тизим. Бизда 20 йилдан буён ҳеч шуни ўринлата олишмаяпти.

Томошабин сифатида, фақатгина Давлат рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Азимовнинг масала юзасидан берган атрофлича жавобларидан қониқдим, холос. 

Хуллас, мутасаддиларнинг жавоблари ва халқнинг талабларидан келиб чиқиб, қуйидаги ислоҳотлар амалга оширилса нур устига нур бўлар эди:

- Модомики юртимизда GM-Uzbekistan енгил автомобиль ишлаб чиқаришда монополист ҳисобланар экан, унга ўз тарифларини — автомашиналар учун нархларни оширишига фақат расмий инфляция кўрсаткичи доирасидагина рухсат бериш керак. Бутун дунёда монополияларга нисбатан талаб айнан мана шундай.

- Машина нархи оширилган тақдирда, автомобиль қийматининг 50 фоизидан ортиқ қисмини (ҳозирги ҳолатда биласизки ёппасига 85 фоиз, билъакс шартнома тузиб ҳам ўтиришмайди) тўлаб қўйган истеъмолчиларга машина эски нархларда етказилиши керак. Бу ҳам айни пайтда бутун дунёда мавжуд бизнес амалиёти. Буни керак бўлса қонунчилик меъёри сифатида қабул қилиб қўйиш лозим. 

- Харидоргир ва камёб автомобиль русумлари бўйича шартномалар тарқатилишидан камида бир ой аввал бу ҳақда маълум қилиниши керак. Бу — юридик шахсларга сотиладиган машиналарга ҳам тааллуқли.

- Етказиб бериш муддати 6 ой ва ундан кўп бўлган машиналар бўйича дастлабки тўлов 15 фоиз миқдорида белгиланиши лозим.

Кўрсатувда электрон навбат хақида гапирилди. Мана шу қулайликни зудлик билан ишга тушириш лозим. Расмий сайтми, мобил иловалардами — харидор ўз навбатининг яқинлашиб келаётганини бемалол кузата олсин. Бу тизимда коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади. 

Мақола сўнгида ўзим билан боғлиқ бир вазиятни тасвирлаб кетишга жазм қилдим.

Автомобилларини Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг «Тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжлари учун GM-Uzbekistan АЖ томонидан ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларини харид қилиш учун буюртма юбориш» хизматидан фойдаланиб, ўз корхонамга юк ташиш учун иккита «Дамас» ёки «Дамас-VAN» автомобилларини 2014 йилнинг 15 сентябрида буюртма қилган эдим. Орадан 3 кун ўтиб, «Самарқанд автотеххизмат» ОАЖ бошқарув раиси А.Атхамов портал орқали жавоб хати йўллаб, №338-339-навбатларга қўйилганимни билдириб ўтган эди. 

Мана, учинчи йил кетаяпти, ҳозирча ҳеч ким "машиналарингиз келди, пулини тўлаб, олиб кетинг», деб қўнғироқ қилгани йўқ. Мен эса вилоятдаги «Самарқанд автотеххизмат» ОАЖ пул кўчириш йўли билан бир йилда 100тагина «Дамас» сотса керак, деган яхши гумонда ўзимни овутиб юрибман. Агар шу электрон навбатга туширилганида ва сайт орқали кузатиш имконияти бўлганида, ҳеч қандай шубҳа-гумонларга ўрин қолмас эди.

Юқоридагилар, албатта, вазият ва кўрсатув ҳақидаги ўз шахсий фикрларим. Сиз нима деб ўйлайсиз?

Шуҳрат Шокиржонов