Шимолий Корея 16 апрелда навбатдаги ракета синовини ўтказмоқчи бўлди, бироқ уриниш муваффақиятсизликка учради. Бу ҳақда "Рёнхап" ахборот агентлиги хабар бермоқда

"Шимолий Корея бугун эрталлаб номаълум ракетани Хамгён-Намдо вилоятидаги Синпхо уездидан учиришга ҳаракат қилди, бироқ уриниш муваффақиятсиз якунланган", деб айтилди Жанубий Корея қуролли кучлари штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитасида. 

АҚШ қуролли кучлари учирилган ракетани қайд қилган. Ракета учирилиши биланоқ портлаб кетган. 

"Тинч океани қўмондонлиги Шимолий Кореядан Гавайи вақти билан соат 11:21да баллистик ракета учирилганини қайд қилди", деб маълум қилган Пентагон вакили.

Маълум қилинишича, ракета тури аниқлаштирилмоқда.

Вашингтон, Токио ва Сеулда Шимолий Корея мамлакат  асосчиси Ким Ир Сен таваллудининг 105 йиллиги муносабати билан ядровий ёки ракета синови ўтказиши тахмин қилинганди.  

15 апрелда Пхеньянда Ким Ир Сен таваллудининг 105 йиллиги муносабати билан парад бўлиб ўтди ва унда мамлакатга махсус таклиф қилинган 200 га яқин хорижий журналист иштирок этди. Ким Ир Сен номидаги майдонда энг янги ракеталар намойиш қилинди.

Пхеньянни қўрқитиш учун Япон денгизига АҚШнинг зарба берувчи кемалари гуруҳи кирди. Шу кунларда Япония ва Жанубий Корея ОАВда АҚШнинг Шимолий Кореяга зарба бериши эҳтимоли кенг муҳокама қилинмоқда. Шимолий Корея бош штаби иғвогар ҳаракатларга АҚШ ҳарбий объектларига "кутилмаган жавоб зарбаси" бериш билан таҳдид қилди.