«Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри «Барселона» билан жавоб учрашуви ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Туринликлар биринчи баҳсда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишгани туфайли турнирнинг кейинги босқичига чиқишди.

«Ўйинчилар жуда ажойиб ҳаракат қилишмоқда. Улар мақтовга лойиқ. Бу олдинга қўйилган қадам ҳамда топ-классдаги рақиб билан учрашувдаги яхши натижа кейинги босқичга чиқиш имконини берди. Биз жуда яхши ҳимояландик, ҳужумда эса бир қадар мураккабликлар бўлди, биз қарши ҳужумлардан унумли фойдалана олмадик. Бу ерда катта босим бор эди, аммо бу ЕЧЛ финали бўлиб ўтадиган Кардиффга қўйилган жуда муҳим қадамга айланди. 

Икки ўйинда биронта тўп кирита олмаган «Барселона» - бу жуда ғайритабиий ҳолат. Биз аста-секин кучайиб бормоқдамиз, футболчилар ўзлари янада яхшироқ ўйнашлари мумкин эканини тушунишлари керак. Биз анча хотиржамроқ ва шу билан бирга, тажовузкор ўйнашимиз керак эди, бироқ «Камп Ноу»да ўз ўйинингни кўрсатиш осон эмас, сабаби ўз майдонидаги «Барселона» - бу умуман бошқа жамоа. Улар тўпни жуда тез ҳаракатлантиришади, ҳамда фақатгина идеал ўйин кўрсатувчи «Ювентус» кейинги босқичга чиқиши мумкин эди», - дея айтиб ўтди Аллегри Mediaset Premium эфирида.