Наманган вилояти ИИБ Кун.uz’га Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш юзасидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар билан ўтказилаётган очиқ мулоқот йиғилишлари юзасидан маълумот берди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб йўлланган мурожаатлар таҳлил қилинганда, уларнинг аксариятини чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаснинг фуқаролигини қабул қилиш билан боғлиқ муаммолар бўйича қилинган мурожаатлар ташкил этаётганлиги аниқланди. 

Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бошқарма ХЧК ва ФРБ бошлиғининг 2017 йил 13 апрель куни йиғилиш ўтказиш графиги тасдиқланиб, 14 апрель куни Уйчи тумани марказида жойлашган Маданият саройида 152 нафар, 15 апрель куни Учқўрғон тумани маданият саройида 184 нафар, 17 апрель куни Янгиқўрғон тумани, Нанай ҚФЙда жойлашган аҳоли маданий дам олиш масканида 143 нафар, 18 апрель куни Чортоқ тумани, Пешқўрғон ҚФЙда жойлашган аҳоли маданий дам олиш масканида 90 нафар ҳамда 19 апрель куни Косонсой туманидаги 4-сонли Мусиқа мактаби биносида 254 нафар МДҲ давлатлари фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. 

Очиқ мулоқот давомида уларга Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 20 ноябрдаги ПФ-500-сонли фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари тушунтирилди. Уларни ҳозирда қийнаётган муаммолари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш, МДҲ фуқароларининг вилоят ҳудудига вақтинча ва доимий руйхатга қўйиш тартиблари, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан қўшни давлатлар билан ўзаро фуқароларни келиб-кетишлари тўғрисидаги талаблари ва бошқа фуқаролик паспортлари билан боғлиқ мурожаатлари ҳамда муаммолари эшитилиб, ушбу мурожаатлар ва муаммолари юзасидан тушунча ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 

Қолган шаҳар-туманларда графикда белгиланган кунларда очиқ мулоқот йиғилишлари ўтказиб борилиши назоратга олинди. 

Шунингдек, ўтказилаётган очиқ мулоқот йиғилишларини вилоят аҳолиси ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида вилоят телевидениесига чиқишлар бериш учун видеотасвир ва фотолавҳалар олиниб, маҳаллий телевидение ва газеталарда чоп этилиши назоратга олинди.