Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чораларини кўриш, бу борада парламент назорати самарадорлигини кучайтириш мақсадида жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, жонли мулоқотлар ўтказишга киришди.

2017 йилнинг 1-2 март кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳи Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида иш бошлади. Бевосита уйма-уй юриб учрашувлар ўтказишга киришилди. Кейин эса тегишли соҳалар фаолияти ҳам саволнома асосида ўрганиб чиқилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Янгиқўрғон туманида аҳоли билан мулоқот ўтказишга киришдилар. Масалан, Қонунчилик палатаси депутати Иброҳим Ҳожиев “Бирлик”, “Тинчлик” ва “Хадикент” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларда бўлди. Учрашувлар давомида қарийб юзга яқин фуқаролар билан суҳбатлашилди. Улар билдирган фикрлар, таклиф ва мулоҳазалар ўрганилди.

Хусусан, “Бирлик” маҳалласида яшовчи Муҳаббат Парпиева маҳалла фуқаролар йиғинини ҳудудида 3-4 йилдан бери табиий газ бўлмасада, “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Янгиқўрғон тумангаз филиали томонидан ҳудуддаги хонадонларга 98,0 млн сўм қарздорлик ҳисобланганидан шикоят қилди. Масалага ойдинлик киритиш ва юқоридаги муаммони ҳал этиш учун “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Янгиқўрғон тумангаз филиали раҳбарига ҳавола этилди. У тез кунлар ичида ижобий ечимини топадиган бўлди. Мавжуд ер ости қудуқларини таъмирлаш ва янги артезанларни ишга тушириш орқали ҳудуддаги ичимлик суви муаммосини бартараф этиш масаласида мурожаат қилган Ўзак-Зарбулоқ сув истеъмолчилари уюшмаси раҳбари Латиф Ароловнинг мурожаати ҳам туман ҳокимлигининг масъул раҳбарларига ҳал этиш учун тақдим этилди.

“Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият кўрсатувчи “Азаматагрокўмак” агрофирма раҳбари Исроилов Азамат қўйган муаммонинг ечимини топиш вазифаси эса назорат остига олинди. Мазкур агрофирма ҳудуддаги аҳолига чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, боғдорчилик, лимон кўчатларини билан етиштириш, сақлаш, парваришлаш, етказиб бериш каби фаолият билан шуғулланиш мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли томонидан юқоридаги фаолият турлари билан шуғулланиш истагини билдириб агрофирмага мурожаат қилган. Агрофирма томонидан “Агробанк”, “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк”ларнинг туман филиалларига 55 та фуқаронинг кредит хужжатлари тўлиқ расмийлаштириб топширилганига қарийб икки ой бўлаётган бўлса-да, тижорат банклари томонидан турли хил сабаб ва баҳоналар билан пайсалга солиб келинган. Депутат бу масалани дахлдор ташкилотлар билан биргаликда ўрганиб чиқиш ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга “Депутат сўрови”ни юборишга ва ҳал этишга ваъда берди.

“Тинчилик” маҳаллада яшовчи Ортиғон Норбоева ва Чинибек Анваров ишчи гуруҳ аъзолари олдига суюлтирилган газ баллонларини етишмаслиги қўйди. Уларга “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг Наманган вилояти филиали томонидан туманга етказиб берилиши ва таъминланиши тушунтирилди. Бу масалани охирига етказишни “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Янгиқўрғон тумангаз филиали раҳбари Отабек Убаев зиммасига олди.

Ҳудудларда депутатлар ва сенаторларнинг аҳоли билан мулоқотлари, жойларда аниқланган муаммолар ўрганилиши давом этмоқда.