12-22 май кунлари Боку шаҳрида IV «Ислом бирдамлик ўйинлари» бўлиб ўтади. Мусобақада 57та давлатдан уч мингдан зиёд спортчилар иштирок этиши кутилмоқда. 

Турнир олимпиада ўйинлари каби 4 йилда бир маротаба бўлиб ўтади ва у Ислом мамлакатлари олимпиадаси деб ҳам аталади.

Мазкур ўйинларнинг дастлабкиси 2005 йилда Саудия Арабистонида ўтказилган. Орадан тўрт йил ўтгач II «Ислом бирдамлик ўйинлари» Эронда ўтказилиши керак эди, аммо Эрон ва араб давлатлари ўртасидаги келишмовчилик туфайли мусобақа бекор қилинган. Ҳисоб бўйича учинчи мусобақа 2013 йилда Индонезиянинг Пеканбару шаҳрида ташкил этилган. 

Ислом ҳамжиҳатлик ўйинлари спортнинг 21та турини ўз ичига олади. Булар енгил атлетика, сувга сакраш, сузиш, сув полоси, баскетбол 3х3, футбол, бадиий ва спорт гимнастикаси, ушу, стол тенниси, гандбол, дзюдо, юнон-рум кураши, эркин кураш, ўқ отиш, теннис, волейбол, бокс, зорхана, каратэ, таэквондо ва оғир атлетика.

Ўзбекистон ушбу турнирга 100дан зиёд спортчисини юборади, бу ўзбекистонликлар турнирда биринчи марта иштирок этиши бўлади.

Улар спортнинг 15та турида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишади: енгил атлетика, дзюдо, эркин ва юнон-рум кураши, каратэ, таэквондо, оғир атлетика, бокс, ҳандбол, ўқ отиш, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, теннис, пара-атлетика ва пара-дзюдо.