Алиментларни тўлашда масъулиятни оширишга йўналтирилган қонун лойиҳаси regulation.gov.uz сайтида муҳокама учун жойланди. 

Янги қонун лойиҳаси вояга етмаганлар ёки моддий ёрдамга муҳтож меҳнатга лаёқатсиз кишилар, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар моддий таъминотдан бош тортган тақдирда, жавобгарликка тортилиш муддатини 1 ойгача қисқартиришни кўзда тутади. Аввал бу муддат 3 ойни ташкил қилар эди. 
 
Биринчи марта алимент мажбуриятларидан бўйин товлаган кишилар аввалгидек жиноий жавобгарликка эмас, 15 суткагача маъмурий жазога тортилади. Агар бу ҳолат 1 йил давом этса, жиноий тартибда жазоланиб, уларни 1 йилгача (хавфли рецидивистларни 3 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш мумкин бўлади. 
 
Шунингдек айбланувчи етказилган зарарни қоплаган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш жиноий жазосини қўлламаслик таклиф этилди. 

Алимент ва аҳлоқ тузатиш ишлари учун бир вақтнинг ўзида иш ҳақининг 80 фоизи ундирилади. 
 
Жиноят кодексининг 122- ва 123-моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганлик учун ахлоқ тузатиш ишлари кўринишидаги жазо белгиланган ишчилардан алимент мажбуриятлар бўйича бир вақтнинг ўзида ҳам жазо суммаси, ҳам алимент мажбуриятлари бўйича қарзи - ишчи ходимнинг 80 фоизгача бўлган иш ҳақи ушлаб қолинади. Бугунги кунда эса бу сумма 50 фоиздан ошмайди. 
 
Шунингдек ҳар бир болага алимент ундириш учун 1 ойлик минимал иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорни белгилаш таклиф қилинди. Ҳозирда бу кўрсаткич энг кам иш ҳақининг 1/3 қисмини ташкил этади. 
 
Алимент белгилаш бўйича суд буйруқлари ижроси тезликда таъминланиши керак бўлади. Аввал фақат суднинг бу масала юзасидан қарорлари дарҳол ижро этиларди.