Ўзбекистонда “Пежо Ситроен” автомобиллари ишлаб чиқарилади

Технология 16 Май 2017 113621

“Ўзавтосаноат” АК ва “Пежо Ситроен” Группаси ўртасида Ўзбекистонда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқарувчи қўшма корхона барпо этиш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда Кун.uz’га “Ўзавтосаноат” матбуот хизмати хабар берди.

Янги «UzbekistanPeugeotCitroёnAutomotiv» ҚКси “Пежо Ситроен” Гуруҳи ва “Ўзавтосаноат” АКси томонидан барпо қилинмоқда. Ҳужжатга кўра, янги корхона “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида, Тошкентдан 200 км. узоқликдаги ҳудудда қурилади. Завод “Peugeot” ва “Citroёn” брендлари остида йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади. Устав капитали 30 млн. еврога тенг қўшма корхона ҳар икки томоннинг тенг улуши асосида фаолият юритади. Лойиҳа бўйича умумий инвестиция қарийб 130 млн. еврога тенг.

“Пежо Ситроен” Гуруҳи янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини жорий қилишда ва мутахассислар малакасини оширишда кўмак кўрсатади. Завод ишлаб чиқаришни бошқариш, маҳсулот сифати, етказиб бериш ва савдо масалаларида “Пежо Ситроен”нинг замонавий тизими бўйича иш олиб боради. Шу билан бирга, автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни жалб қилиш йўли билан биринчи йилнинг ўзидаёқ янги қўшма корхонада 50 фоизга маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Бугунги кунда “Ўзавтосаноат” АК таркибида 30 га яқин йирик заводлар ва 160 дан ортиқ ўрта ва кичик корхоналар айнан маҳаллийлаштириш дастури асосида иш олиб боради.

Қурилиши режалаштирилаётган қўшма корхонада йилига 16 000 та автомобиль ишлаб чиқарилади. Уларни Ўзбекистонда, шунингдек, узоқ ва яқин хориж давлатларидаги экспорт бозорларида сотиш режалаштирилмоқда.

32 миллионлик аҳоли сонига эга Ўзбекистонда саноатни ва автомобиль бозорини ривожлантириш учун етарлича салоҳият ва имконият бор. 

“Енгил тижорат автомобиллари сегменти Ўзбекистонда ўзлаштирилмаган ягона транспорт воситасининг тури эди”, - дея таъкидлади “Ўзавтосаноат” АК бошқаруви раисининг ўринбосари Рустам Юсупов. “Ушбу лойиҳанинг тадбиқ этилиши маҳаллий автомобиль саноати ривожида яна бир дадил қадам бўлади. Аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи янги қўшма корхона Ўзбекистон саноатининг янада ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади”.

“Ушбу лойиҳа бизнинг 5 йилликка мўлжалланган тараққиёт Дастуримизга тўла мос келади ва бу “Пежо Ситроен” Гуруҳи учун енгил тижорат автомобилларининг савдосини ривожлантириш ва ҳудудий кенгайиш учун яна бир катта имкониятдир. Биз қўшма корхона ташкил этилишида асосий фактор бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан қўллаб-қувватлашларини ҳамда ўзбек ҳамкорларимиз билан конструктив мулоқотни жуда юқори баҳолаймиз”- дея эътироф этди “Пежо Ситроен” Гуруҳи Вице-президенти Кристоф Бержеран.

Маълумот учун, “Ўзавтосаноат” АК 1994 йилнинг 17 март санасида ташкил этилган. Ҳозирда АКси таркибида 75та йирик ва ўрта корхона ҳамда компаниялар, жумладан, Жанубий Корея, Туркия, Италия, Германия, Нидерландия, АҚШ ва МДҲ давлатлари технологияси ва сармояси асосидаги компаниялар мавжуд. АЖнинг асосий фаолият доираси – енгил автомобиллар, автобуслар, юк ташувчи автомобиллар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш. Компанияда 24 мингдан зиёд ходим ишлайди, улардан 5 минг нафари жаҳоннинг етакчи саноат компанияларида малака оширган.

“Пежо Ситроен” Гуруҳи уч маркадаги автомобилларни ишлаб чиқаради -  Peugeot, Citroën ва DS. Шунингдек, автомобиль ишқибозларининг тобора ўзгариб бораётган талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кенг кўламда Free2Move маркаси остида мобил ва интеллектуал ҳизматларни кўрсатади.

 

Кун янгиликлари
Мулоҳаза: Ўзбекистонда фаол қатламни юзага келтириш имкониятлари
14:02 / 28.05.2017 18199 Ўзбекистон
1 июндан бошлаб "GM Uzbekistan" барча автомобиллари сўмда сотилиши йўлга қўйилади
20:11 / 27.05.2017 156354 Технология
Бемор қизчага ёрдам керак. Ҳар эшикдан қайтарилган оила учун хайрия акцияси
19:25 / 16.05.2017 146676 Жамият
МАК Нью-Йоркка Dreamliner'да тўғридан-тўғри рейсларни жорий этмоқда
Спорт қўмитаси раиси Осиё ва Океания давлатлари спорт раҳбарлари билан учрашди
10:41 2 Спорт
ЕЧЛнинг гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олган барча клублар номи маълум
10:25 605 Спорт
Австралия Афғонистонга қўшимча ҳарбий хизматчилар юборишга қарор қилди
10:16 418 Жаҳон
Карлуш Кейруш: Ўзбекистонга қарши ўйин биз учун худди ЖЧ финалидек бўлади
10:09 1914 Спорт
Видео: Автопойгачи жуда жиддий тўқнашувдан сўнг мўъжиза туфайли омон қолди
09:59 1834 Спорт
TPS’дан “Қўшилинг” янги тариф режаларида интернетга соат 00:00 дан 09:00 гача чекловсиз кириш мумкин
Кўпроқ янгиликлар