Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташрифи давомида Ар-Риёзда Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон билан учрашади. Бу ҳақда Тожикистон ҳукуматидаги манба маълумот берган.

Шавкат Мирзиёев 21 май куни Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз ас-Сауднинг таклифига биноан Араб-мусулмон мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари саммитида иштирок этади. Унинг Ўзбекистон президенти сифатида қўшни давлат раҳбари билан илк учрашуви айнан ушбу саммит доирасида бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

Шавкат Мирзиёев ушбу саммитда ўз нутқи билан чиқиш қилиши кутилмоқда.

Саммитда Марказий Осиёдан Ўзбекистон ва Тожикистон иштирок этади. Унда АҚШ, Афғонистон, Покистон ва араб давлатлари раҳбарлари қаторида дунёнинг 50дан ортиқ давлати раҳбари қатнашади.

21 май куни саммит доирасида олий даражадаги учрашувлар белгиланган.

АҚШ президенти Доналд Трамп саммит иштирокчилари билан бирга тушлик қилади.

Қайд этиш керакки, Доналд Трамп АҚШ президентлари анъанага айлантирган қоидани бузди, ундан аввалги президентлар илк хорижий сафарини Мексика ёки Канадага амалга оширарди, у эса Саудия Арабистонини танлади. Трамп Саудиядан Исроилга учади, кейин эса Ватиканга боради.