Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА. 

Унда мазкур кўрикнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этди. 

“Ташаббус – 2017” кўрик-танлови ғолибларининг номлари эълон қилинди. Улар учта асосий – «Йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши фермери» ва «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» йўналишида тақдирланди. 

«Йилнинг энг яхши тадбиркори» номинациясида Тошкент вилоятидаги "Torimed Pharm" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аҳаджон Шукуров ғолиб бўлди. Бухоро вилоятидан Аҳмад Арабов «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» деб эътироф этилди. Андижон вилоятидаги "Бахт имкон ривож чорваси" фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоилов «Йилнинг энг яхши фермери» деб эълон қилинди. 

– Бундай нуфузли танловда ғолиб бўлиш катта шараф, – дейди 2017 йилнинг энг яхши фермери Фахриддин Исмоилов. – Рақобат жуда кучли бўлди. Чунки кўрик-танловда энг илғор ва салоҳиятли тадбиркорлар қатнашди. Мамлакатимизда бундай ташаббускорлар кўп ва улар турли соҳаларда фаолият юритмоқда. Истиқбол учун белгилаган режаларимиз талайгина, жумладан, халқаро бозорга чиқишни мўлжаллаганмиз. Шу боис янада кўпроқ меҳнат қилиб, кўрсатилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз. 

«Йилнинг энг ёш тадбиркори», «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли», «Энг яхши инновацион лойиҳа», «Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор», «Йилнинг энг яхши экспортчиси» ва «Республика ички бозорида талаб бўлган янги турдаги истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиққанлик учун» каби номинациялар ғолиблари ҳам эълон қилинди. 

Фото: ЎзА

Асосий номинациялар ғолибларига Президент соврини – “Spark” автомобили, иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига пул мукофотлари, махсус номинациялар совриндорларига қимматбаҳо совғалар топширилди. Ғолиблар халқаро танловлар, ярмаркалар, семинарларда иштирок этиши, ўз йўналишлари бўйича чет элда малака ошириши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, Кун.uz таҳририятининг Андижон вилоятига сафари давомида Олтинкўл туманида жойлашган “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалигида ҳам бўлганди. Тадбиркор Фахриддин Исмоилов раҳбарлигидаги маскан ҳақида алоҳида мақола тақдим этилган.