Россиянинг Қозон шаҳрида жума куни МДҲ ҳукуматлари раҳбарлари Кенгаши ва Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишлари бўлиб ўтади.

Режага кўра, МДҲ ҳукуматлари раҳбарлари Кенгаши йиғилишида ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро ҳаракатларни ривожлантириш, тинч мақсадда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги халқаро келишувлар, геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб тадқиқ этиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва контрафакт маҳсулотнинг тарқалиши каби масалалар муҳокама этилади.

Евроосиё ҳукуматлараро кенгаш йиғилишида эса Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонни бирлаштирувчи иттифоқ доирасидаги интеграцион ўзаро ҳаракатларга оид кенг кўламли масалалар кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, иттифоқ бозорида чекловларни бартараф этиш бўйича қўшма тадбирлар режасини маъқуллаш, рақамли кун тартибини амалга ошириш бўйича асосий йўналишларни тайёрлаш ишлари ва аъзо давлатлар ташқи иқтисодий фаолиятини тартибга солиш тизимида “ягона ойна” механизмини ривожлантиришни ҳам муҳокама этиш мўлжалланган.

Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида шунингдек, агросаноат комплекси соҳасида ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот ва тажрибавий-конструкторлик ишларини ташкил этиш, саноат маҳсулотларига нисбатан махсус субсидияларни мувофиқлаштириш ва ўзаро манфаатли бошқа масалалар кўриб чиқилади.

Аввалроқ. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этиши ҳақида хабар бергандик