Мадриднинг «Реал» жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду солиқлардан бўйин товлагани учун жаримага тортилиши ёки қамалиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга ҳайронлик билан муносабат билдирмоқда.

Унинг қамалиши ҳақидаги хабар доимий равишда янгиланмоқда. 

Аввалига Marca нашри Роналду Испания солиқ идорасидан 8 млн евро даромадни яширгани ва бюджетга 2 млн евро солиқ тўлаши лозимлиги ҳақида хабарлар чиққан эди. Унга кўра футболчининг айби исботланса, унга 4 ойлик қамоқ муддати таҳдид солаётганди.

Энди эса Роналду 2014 йили 15 млн евро миқдоридаги даромадни ҳисоботда кўрсатмагани маълум қилинди. Орадаги фарқ Испания солиқ қонунларида юз берган ўзгаришлардан келиб чиққан.

Аниқлик киритилишича, португалиялик футболчи Испанияда ўз имиж ҳуқуқидан келган 75 млн евродан (2009 йилдан буён) 20 фоизини солиқ сифатида тўлаган. Бундан ташқари, у ўз имижи ҳуқуқини 2020 йилга қадар 75 млн еврога сотган ва бу Испанияда «Бекҳэм қонуни» бекор қилинишидан бир неча кун олдин рўй берган. Бу қонунга кўра, Испания клубида ўйновчи хорижлик футболчи ўз гонорарларидан имтиёзли кўринишда солиқ тўлайди. XXI аср бошида Испанияда даромадларнинг 48 фоизгача қисми солиқ сифатида тўланган бўлса, спортчилар учун бу миқдор 24 фоиз этиб белгиланганди.

Баъзи мутахассисларнинг ҳисоблашича, бу вазиятда солиқ бўйича қонунлардаги ўзгаришлар туфайли чигалликлар бор. Роналду Англиядалигида ўз даромадларининг 8 фоизини солиқ сифатида тўлаган, Испанияга келиб эса ўз ихтиёрига кўра даромадининг 20 фоизини солиқ учун ўтказган. Мутахассислар шу омил футболчининг жиноий жавобгарликка тортилмаслиги учун асос бўлишини айтишмоқда.

Роналдуга анча кўпроқ муддатга қамоқ жазоси таҳдид солмоқда