Россиялик олигарх Алишер Усмонов мухолифатдаги сиёсатчи, «Коррупцияга қарши курашиш» фонди етакчиси Алексей Навальнийга нисбатан иккинчи марта мурожаат қилиб, унга иккинчи марта «туфлагач», мухолифатчи бунга қисқача жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилги Россия президенти сайловларига ўз номзодини илгари сурган Алексей Навальний Алишер Усмонов томонидан мамлакат бош вазири Дмитрий Медведевга Рублёвка турар жой масканида жойлашган ҳашаматли турар-жой пора сифатида берилганини даъво қилиб келади.

Алишер Усмоновдан янги видеомурожаат: «Туф сенга яна бир марта»

Усмонов эса, ўз навбатида, бу гапларнинг ҳаммасини туҳмат, дея таъкидлаб келмоқда. У ҳатто Навальнийнинг бу масала юзасидан дебатда қатнашиш чақириғига ҳам рад жавобини бериб, «дебат энди судда бўлади», деган.

Навальнийнинг ушбу чиқишида баён қилган фикрича, Кремль Медведевни ҳимоя қилиш учун Усмоновдан қалқон сифатида фойдаланмоқда. Навальний Усмоновнинг коррупционер эканлигини исботлаб беришини таъкидлаб ўтган. Навальний ўз сайлов кампанияси мақсадларидан бири ҳам сиёсий кун тартибига рус олигархлари, айниқса хомашё олигархлари ким эканлиги масаласини қўйишдан ҳам иборат эканлигини айтиб ўтган.

«Чунки улар иқтисодиёт тузилмаси, жамият тузилмасини вайрон қилишади, бизнеснинг нима эканлиги ҳақида аҳоли ўртасида нотўғри тушунча шаклланишига сабаб бўлишади, — дейди Навальний. — Улар аҳоли ўртасида бизнесменларга нафрат уйғонишига сабаб бўлишади. Чунки эси жойида бўлган ҳар қандай одам, мана шундай, «мендан кечирим сўрашларинг керак», деб турган башарага қараб, принцип жиҳатидан бизнесга салбий муносабатда бўла бошлайди». 

«Усмонов билан мубоҳаса биз учун муҳим, мен жон деб унда иштирок этаман ва унинг гапларига жавобан ҳали батафсил видео чиқараман», — деган Навальний.

30 май куни Москва шаҳар, Люблино район судида Алишер Усмоновнинг Навальний устидан қадр-қимматни ҳимоя қилиш масаласидаги даъвоси юзасидан суд мажлиси бўлиб ўтади.