Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида сўзлаган нутқида Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя оқимини тўхтатиб қўяётган бир қатор омил ва шароитларни санаб ўтган.

«Улкан сармоявий салоҳиятга эга бўлишига қарамай, Ўзбекистон ўз иқтисодиётига хорижий маблағларни жалб этиш борасида кўплаб давлатлардан орқада қолмоқда. Иқтисодиётимизни хорижий сармоя билан таъминлашда давом этиб келаётган паст кўрсаткичнинг сабабларини аниқлаш мақсадида Вазирлик томонидан дипломатик ваколатхоналар билан биргаликда Ўзбекистонда фаолият юритиш тажрибасига эга бўлган хорижий сармоядорлар, бизнесменлар ва нуфузли молия ташкилотларининг экспертлари ўртасида сўровнома ўтказилди. Унинг якунларига кўра, хорижий бизнес ҳамжамиятлари вакиллари Ўзбекистонга сармоя оқимини тўхтатиб қўяётган бир қатор омил ва шароитларни тилга олди», — дея вазирнинг сўзларини келтирган ТИВ расмий сайти.

Комилов ана шу масалаларнинг айримларини келтириб ўтган:
– валюта конвертацияси ва фойдани репатриация қилиш;
– банк-кредит тизимининг такомиллашмаганлиги;
– сармоядорлар ҳуқуқларининг заиф ҳимояси ва етарли даражада самарали бўлмаган суд тизими;
– маъмурий-бюрократик тўсиқлар. Кўплаб хорижий компаниялар ўз фаолиятини амалга ошириш учун лицензия ва рухсат олиш тартиб-қоидаларидан норози;
– паст инвестиция рейтинги.

Вазирнинг сўзларига кўра, чет эл сармояларни жалб этиш муаммоларини ҳар томонлама ўрганиб, Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Сенати ва Ташқи ишлар вазирлигининг Савдо-саноат палатаси билан биргаликда, вазирлик ва идоралар иштирокида Инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат ҳудудларига хорижий сармоя ҳамда замонавий технологиялар жалб этилишини рағбатлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди ва кўриб чиқиш учун Раҳбариятга киритилган.