АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг Исроилдаги элчихонасининг Тель-Авивдан Ал-Қудгса кўчирилишини навбатдаги марта кейинги қолдирди. Бу ҳақда Трамп томондан давлат котиби Рекс Тиллерсонга йўлланган меморандумда айтилган.

Трамп ҳужжатда ўз қарорини "АҚШ миллий хавфсизлиги манфаатларини" ҳимоя қилиш зарурлиги билан тушунтирган. Трамп Тиллерсондан қабул қилинган қарор ҳақида АҚШ конгрессини хабардор қилишни сўраган. Оқ уй матбуот хизматида таъкидланишича, Трампнинг бу қарорига қарамай, "бу қадам Трампнинг Исроилни ва АҚШ-Исроил альянсини қатъий қўллаб-қувватлаш қароридан воз кечишини" англатмайди.

"Президент Трамп бу қарорни АҚШнинг миллий хавфсизлиги манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муқаддас бурчини бажарган ҳолда, Исроил ва Фаластин ўртасидаги музокараларни муваффақиятли ўтказиш имкониятларини максималлаштириш сабабли қабул қилди", деб таъкидланди Оқ уйда. 

АҚШнинг элчихонасини Ал-Қудсга кўчириш ҳақидаги қонун 1995 йилда маъқулланган. Бироқ, Яқин Шарқдаги вазиятни янада кескинлаштириши мумкин бўлган қадамлардан қочиш мақсадида, ўша пайтдаги АҚШ президенти Билл Клинтон ўз ваколатларидан фойдаланиб, қонуннинг татбиқ қилинишини қолдириб келган.

Шундай сиёсатни кейинги президентлар Кичик Жорж Буш ва Барак Обама ҳам юргазганлар.

Бироқ Трамп ўзининг сайловолди кампаниясида элчихонанинг кўчирилишини фаол қўллаб-қувватлаган. 

Ал-Қудс мақоми Фаластин-Исроил ихтилофидаги бош муаммолардан бири саналади. Исроилликлар шаҳарнинг шарқий қисмини 1967 йилдаги урушда босиб олишган. Улар Ал-Қудс Исроилнинг "ягона ва ажралмас" пойтахти деб ҳисоблаб келишади. Фаластинликлар эса шаҳарнинг босиб олинган шарқий қисмини ўз давлатлари пойтахти қилишни истайдилар.