Криптовалюталар (виртуал пул) бозорининг капиталлашуви 5 июндан 6 июнга ўтар кечаси 100 млрд доллардан ошди. Бу рақам энг чўққига чиққан вақтда 101,913 млрд долларни қайд этган. Бу Американинг кўплаб йирик компаниялари капиталлашуви билан баробардир. 

Хусусан, Bitcoin курси 2999,91 долларгача кўтарилди, деб хабар қилмоқда forklog Coinmarketcap кўрсаткичларига асосланган ҳолда. Шундай қилиб, криптовалюталарнинг 100 млрд долларидан 46 млрди айнан биткоин виртуал пулига тўғри келади.

Бу ўсишга осиё бозорларидаги фаоллик туртки берган. Жумладан, Япониянинг BitFlyer, Кореянинг Bithum ва Хитойнинг OKCoin Huobi биржалари биткоин учун асосий таклифни шакллантиради. Ушбу савдо майдонларидаги нархлар эса Америка ва Европа бозорларидаги қараганда анча юқоридир. 

Масалан, OKCoin биржасида биткоин 2940 доллардан сотилаётган бўлса, Bitstamp биржасида унинг қиймати 2820 доллар атрофида. 

Айтиш жоизки, май ойи охирида криптовалюталар бозори капиталлашуви кескин ўсишни қайд этган эди. Бироқ, кейинчалик, икки кун ичида 30 млрд долларни йўқотди. Умуман, биткоин йил бошидан 150 фоизга қимматлашди. 25 май куни криптовалюта бир кун ичида 2500, 2600 ва 2700 долларгача кўтарилган ва ўз тарихида биринчи марта 2800 долларга яқинлашган эди.