Тошкент ҳокими кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш ҳақидаги қарорини имзолади

Ўзбекистон 12 Июнь 2017 12551

Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг 1 июнь куни имзоланган қарори (PDF) билан йирик савдо марказлари ва маиший хизмат кўрсатиш биноларининг биринчи қаватларида автотураргоҳлар қурилиши маъқулланди.

Апрель ойи ўртасида шаҳардаги «талабларга жавоб бермайдиган» автомобиль гаражлари ўрнида икки, уч ва олти қаватли автотураргоҳлар қуриш режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилинганди.

Пойтахт шаҳар ҳокими қарорида шаҳарда автомобиллар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани - 2014 йил 31 декабрида 353 912та, 2017 йилнинг 1 март ҳолатига кўра, 420 105тани (19 фоизлик ўсиш) ташкил қилгани, шунинг давомида автомототранспорт воситаларини тунаш билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бораётгани, шаҳардаги 142та тўйхона ва 57та супермаркетларнинг (гипермаркетлар) айримларида автомототранспорт воситаларини сақлаш жойлари мижозларнинг автомототранспорт воситлари сонига етарли миқдорда ташкил этилмагани, бунинг оқибатида тирбандликлар юзага келиб, фуқароларга ноқулайликлар туғдирилаётгани келтириб ўтилган.

Қарорда туманлар ҳокимлари раҳбарлигида шаҳарсозлик қоидалари ва санитар нормалари талабларига жавоб бермайдиган автотураргоҳларни аниқлаш ва қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш белгиланган.

Бу гуруҳга туманлар ҳудудида жойлашган гаражларни ўрнатилган тартибда босқичма-босқич олдириб, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига жавоб берадиган биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси бўлган кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш учун таклифлар бериш, бундай тураргоҳлар қурилиши учун тадбиркорларни жалб қилиш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан биргаликда янги ташкил этилган кўп қаватли автотураргоҳлар сақлаш жойларини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, олиб борилаётган ишлар ҳақида Тошкент шаҳри ҳокимига ҳар ҳафтада ҳисобот бериш, аҳоли ўртасида тегишли тарғибот ва ташвиқот ишларини юритиш вазифалари юкланган.

Ишчи гуруҳ шунингдек, 2017 йил охирига қадар йўллардаги тирбандликларни бартараф этиш, аҳолига хизмат кўрсатишда янада қулайликлар яратиш мақсадида, туманлар ҳудудларида жойлашган савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет) ва тўйхоналар ён атрофидаги ҳудудларда автотураргоҳлар ташкил қилиш бўйича тегишли чораларни кўради.

Автотураргоҳ қуриш имкони йўқ тўйхона эгалари, савдо мажмуалари соҳибларига фаолияти турини ўзгартириш тавсия этилади.

Кўпроқ янгиликлар