Аралаш яккакурашлар бўйича таниқли россиялик жангчи Фёдор Емельяненко якшанба кунига ўтар кечаси америкалик Мэтт Митрион билан Нью-Йоркдаги Bellator 180 жанг кечасида тўқнаш келади.

Аввалига бу жангчилар Сан-Хоседа (АҚШ) 18 февраль куни учрашишлари лозим эди, бироқ жанг саноқли соатлар қолганда бекор қилинди, Митрионнинг буйрагида касаллик аниқланган. Натижада Емельяненко рақибни алмаштиришдан бош тортди, ҳамда жанг расман бошқа муддатга кўчирилди. 38 ёшли америкалик ўз соғлигини яхшилаб олди ва март ойида жанг ўтказиладиган янги сана маълум қиллинди.

40 ёшли Емельяненко учун бу спортга қайтганидан сўнг ўтказадиган учинчи жанг бўлади. 2015 йилда Емельяненко уч йиллик танаффусдан сўнг фаолиятини тиклагани ҳақида маълум қилди. Ўша йилнинг 31 декабрь куни россиялик бир неча дақиқа ичида ҳиндистонлик Жайдип Сингхни таслим этди.

2016 йилнинг июнида эса Емельяненко бразилиялик Фабио Мальдонадо билан тўқнашди. Унда Фёдор ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонди.

Емельяненко билан шуғулланган Александр Мичковнинг фикрича, Фёдор Митрион билан баҳсда муаммоларга дуч келмаслиги керак. “У ҳам тезроқ, ҳам анча кучли зарбага эга. Агарда унинг соғлиги билан ҳаммаси жойида бўлса, жангда катта муаммолар бўлмайди”, - деган у.

Хабарларга кўра, Емельяненко тайёргарликни анъанавий равишда ёпиқ режимда ўтказди. 

Россиялик жангчи Ҳабиб Нурмагомедовнинг хабар қилишича, 24 июнь кунги жангни жуда кутмоқда. "Фёдорнинг рақиби ноодатий ҳеч нарсага эга эмас. Бироқ, у чап қўлда жуда кучли зарбага эга, агарда адашмасам, у чапақай. Фёдорга биринчи раундда яхши кикдаун тиламоқчиман", - деди Нурмагомедов.

Фёдор Емельяненко аралаш яккакурашларда 40 та жанг ўтказиб, 36 ғалабага эришган. Митрион эса UFC ва Bellator’да қатнашиб, 11 ғалабани қўлга киритган.