«Реал» ҳужумчиси Гарет Бэйлни Кардиффда гольф бўйича хайрия турнири вақтида журналистлар саволга тутишди. Футболчи айни дамда фақат таътил билан бандлиги, янги мавсум ҳақида ўйламаётгани ҳақида айтиб ўтган.

Уэльслик футболчидан Мадрид клубидаги жамоадоши Криштиану Роналду билан боғлиқ вазият ҳақида сўрашган.

«Албатта, якунланган мавсум аъло даражада ўтди. Янги мавсумда ҳам бу муваффақиятларни такрорлашни истаймиз. Аммо биз ҳозир Кардиффда турибмиз, таътил, дам олиш. Хайрия ишлари билан шуғулланаяпмиз.

Криштиану Роналдуми? Мени кечиринг, кетишим керак», деган AS мухбирига.

Ўтган ой давомида португалиялик футболчи Мадрид клубини тарк этишга қарор қилгани муҳокамалар марказида бўлди. Кейинроқ жамоа президенти Флорентино Перес у қолишига ишонч билдирди.