Шавкат Мирзиёев томонидан тажриба тариқасида Халқ таълими вазирининг ўринбосари этиб тайинланган Алишер Саъдуллаев Халқаро пресс-клубда «Ўзбекистонда ёшлар сиёсати: долзарб масалаларга замонавий ёндашув» мавзусида ташкил этилган учрашувда иштирок этди.

23 ёш арафасидаги вазир ўринбосари ўзининг янги лавозимдаги таассуротлари ҳақида гап бошлар экан, аввало ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини ўчириб ташлагани ҳақида айтди. У буни ўзининг янги лавозими ҳақида хабарлар тарқалиши ортидан беҳисоб саволлар келиб тушиши билан изоҳлаб ўтди.

У ўзининг ҳамманинг олдида президент томонидан тайинланиши - бошқа ёшларда ҳам иштиёқ уйғотиш мақсадида қилинганига урғу қаратди.

"Ўйлашимча, президент ҳамманинг олдида мени чиқариб сайлаши - ёшлар қўрқмасин. Агар бир йилдан кейин мен вазифани оқласам, яна 10 бола чиқиши мумкин, балки ундан ҳам кўпроқ", дея фикрларини билдиради у.

Пресс-клуб раҳбари ва бошловчиси Шерзод Қудратхўжаев ундан 100 кунлик режаси ҳақида сўради. У ҳали режаси тўлиқ тузилмагани, бу Ёшлар иттифоқи билан келишиб олинишини маълум қилди. Шу билан бирга у режалаштирган асосий ишини айтди - у ишини боғчадан бошламоқчи.

"Ишимни боғчадан бошлайман. Юз кун ичида қиладиган ишим - вилоятларни айланиш, боғчалардаги ҳолатларни ўрганиш, шароитларни кўриш, янги тизимларни олиб кириш. Дам олиш куни Тошкент шаҳридаги иккита мактабда бўлдик. Битта яхши ва битта ёмон кўрсаткичли мактабни танладим. Бундан мақсад фарқлар қанчалигини аниқлаб, муаммоларнинг негизини билиш.

Жойларга бориш керак, ёшлар билан гаплашиш керак, уларни руҳлантириш керак. Ҳар биримиз агар ватан ҳақида шундай ўйласак, муаммоларни ечса бўлади", деди Алишер Саъдуллаев.

У юз кунлик фаолияти юзасидан президентга ҳисобот беради.