Италиялик комик актёр Паоло Виллажо душанба куни Рим шаҳридаги "Жемелли" шифохонасида ҳаётдан кўз юмди. ANSA агентлигининг хабар беришича, 84 ёшли актёр икки кун аввал шифохонага ётқизилган.

Виллажо телеэкранда Уго Фантоцци - оддий Италия фуқаросининг йиғма образи орқали танилган. Бу персонаж Италиянинг маданий феноменига айланган. Виллажо ўз роллари орқали жамоатчиликни ўз муаммолари ҳақида ўйлаб кўришга мажбур қилди. 

Бундан ташқари, актёр театрда ишлаган, шу билан бирга Федерико Феллини, Марио Моничелли кабилар билан ҳамкорлик қилган.

Виллажо Венеция фестивалида кинематографга қўшган ҳиссаси учун "Олтин арслон" мукофотига сазовор бўлган. 2013 йилда актёр Гоголь анъанасидаги "кичик одам" образи учун "Италиядаги Н.В.Гоголь" халқаро мукофотига лойиқ деб топилган.