Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Кремлдагилар «Новая газета»да эълон қилинган ва Чеченистон ҳудудидаги оммавий қатл ҳақида сўз юритилган мақолани кўришган.

«Ҳа, биз бу хабарларни кўрдик, уларни эътиборга олдик, шунингдек, биз Чеченистон Республикаси ички ишлар идоралари томонидан бу маълумотни рад этиш бўйича баёнотни ҳам эътиборга олдик», - дея Песковнинг сўзларини келтиради РИА Новости.

Унинг сўзларига кўра, ушбу маълумот аноним характерга эга бўлиб, унинг манбалари эса «тушунарсиздир».

Аввалроқ «Новая газета» нашри 2017 йилнинг 26 январига ўтар кечаси Чеченистонда «судсиз қатл қилишлар» уюштирилгани, камида 27 киши ўлдириб юборилгани ҳақида хабар тарқатди.