Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 10 июль куни “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар берди.

Ҳужжат Президентнинг Ўзбекистон давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонларини бериш бўйича конституциявий ваколатларини амалга оширишни таъминлаш, геральдика соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш мақсадида қабул қилинди.

Ўзбекистон раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссияни ташкил этди.

Президент уч ойлик муддатда “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифасини топширган.

Қонун лойиҳаси комиссиянинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлайди ҳамда идоравий мукофотларни таъсис этиш масалаларига ягона талаблар қўяди, давлат мукофотларига тақдим этиш ташаббуси, уларни топшириш, тақиб юриш, сақлаш ва давлат мукофотлари тасвиридан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Президент Комиссия Ижро девони ходимларига Ўзбекистон Президенти девони ходимлари учун ўрнатилган кафолатлар, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва имтиёзларни сақлаб қолиш ҳақида кўрсатма берди.