Испаниялик буюк рассом Сальвадор Далининг жасад қолдиқлари ДНК-тести натижаси тахминан сентябрь ойи бошида маълум бўлади. Бу оталикни ўрнатиш бўйича суд жараёнидан бир неча ҳафтадан сўнг юз беради.

Аввалроқ рассомнинг жасад қолдиқлари эксгумацияси Фигерас шаҳрида 20 июль куни бўлиб ўтгани хабар қилинганди.

Сальвадор Дали жамғармаси бош котиби Луис Пенуэласнинг сўзларига кўра, қабрдан «сочлар, тирноқлар намунаси, бир неча тиш ва иккита суяк чиқариб олинган».

Жамғармадан тасдиқлашларича, судга ДНК таҳлилини ўтказиш талаби билан ўзини Далининг қизи, деб ҳисобловчи фолбин аёл Таро Пилар Абель мурожаат қилган.

Жасад қолдиқларининг эксгумация жараёни тахминан саккиз соат давом этган. Амалиёт Каталония Генералитетининг маданият департаменти, жамғарма адвокати, аъзолари, Фигерас ҳокими, шунингдек, Пилар Абель назорати остида бўлиб ўтган.

Суднинг қарорига кўра, мобиль телефонлар ва ёзиб олувчи қурималар олиб қўйилди.

Таъкидланишича, 2017 йилнинг 27 июнь куни суд рассомнинг жасад қолдиқларини эксгумация қилиш ҳақида қарор чиқарган, сабаби таққослаш учун бошқа материалларнинг ўзи йўқ.