Мустақил эксперт-иқтисодчи Юлий Юсупов навбатлар, қора бозор ва «шапка»лар нега вужудга келиши, бу ҳодисалар бозорнинг қандай оқибатларига сабаб бўлиши ҳамда танқислик деб аталувчи иқтисодий касалликни қандай енгиш ҳақида ўзининг Kommersant.uz сайтида эълон қилинган мақоласида ҳикоя қилиб берди.

Танқислик иқтисодиёти

Мен хорижда кўпроқ бўламан, ўз-ўзидан, ватанимга ҳам тез-тез қайтишга мажбурман. Давлатимиз чегарасини кесиб ўтганимнинг энг ишончли белгиси нима эканлигини биласизми? Навбатлар! Аввалига паспорт назоратида — чегарачилар олдида, кейин багажни кутиш асносида, ундан сўнг божхона назоратида... Лекин бу билан навбатлар тугамайди. Улар мени доим таъқиб қилади: коммунал хизматга бораманми, давлат идораларига келаманми, банкларга ишим тушадими...

Навбатлар бизда соф тижорий секторларда ҳам пайдо бўлади. Бензин, шакар, автомобиль учун навбатларни эсга олиш кифоя... Хориждан асбоб-ускуна харид қилиш истагидаги тадбиркорга ваъда қилинган конвертация учун қанча навбат кутилишини биласизми? Ойлаб, агар йиллаб бўлмаса! Бу ҳолатда улар банкларнинг ҳисоб рақамларида музлатилган пулларини ушлаб туришади, яъни улар тўғридан-тўғри молиявий йўқотишларга дучор бўлишади, боз устига, валюта ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли уларни шартнома шартларига кўра жаримага ҳам тортишади. Лекин булар конвертация ваъда қилинган тадбиркорлар. Аксарият эса аллақачон ҳеч қандай навбатда туришмайди, улар расмий айрибошлаш курсидан анча баланд бўлган норасмий бозордан харид қилиб қўяқолишади.

Навбатлар иқтисодиёти нуқтаи назаридан бу — танқислик деб аталувчи иқтисодий касалликнинг шаклларидан биридир. Танқисликнинг бошқа кўринишлари — қора бозор, «шапкалар», товар савдосининг картали (лимитланган) тизими кабилардир.

Нега танқислик юзага келади ва унга қарши қандай курашиш мумкин?

Келинг, мисол тариқасида гўшт бозорини олайлик. Ҳар қандай бозор уч асосий элементдан иборат — нарх-наво, талаб ва таклиф. Уч элемент бир-бирига таъсир қилади. Лекин бизни ҳозирча талаб ва таклиф маҳсулот нархига қандай таъсир қилиши қизиқтиради.

Талаб қонуни

Нарх ва талаб ўртасида тескари боғлиқлик мавжуд: нарх қанчалик паст бўлса, талаб шунчалик юқори бўлади ва аксинча. Нега бундай бўлиши ўз-ўзидан тушунарли: маҳсулот қанча арзон бўлса (ва арзонлигидан ўзининг истеъмол хоссаларини йўқотмаса) у шунчалик харидоргир бўлади. Бизнинг шартли мисолимизда (1-жадвалга қаранг) 30 минг сўм нархда истеъмолчилар (айтайлик, кунига) 500 кг гўшт харид қилишга тайёр, нарх 15 минг сўм бўлганида эса — 1200 тонна. Савол шундан иборатки, сотувчилар шу нархдан шунча маҳсулот сотишга тайёрмикан?..

Таклиф қонуни

Маҳсулотнинг нархи ва уни таклиф этиш катталиги ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик бор: нарх қанчалик юқори бўлса, сотувчилар шу маҳсулотни савдога шунчалик кўп таклиф этишни исташади ва буни амалга оширишлари мумкин. Айтайлик, ишлаб чиқариш ва етказиш харажатлари гўштнинг 1 килосига 20 минг сўмга тушмоқда. Мос равишда, гўштнинг килоси 20 минг сўм бўлса ишлаб чиқарувчилар фойда олишмайди. Эҳтимол, маҳсулот бирлигига харажатлари камроқ бўлган сотувчилар топилиб қолар, айнан ўшалар савдога 100 тонна чиқаришади. Янада пастроқ нархларда савдо нолга яқинлаша боради. Лекин гўштнинг килосига 20 мингдан баланд нархларда савдо ёмон бўлмайди, чунки сотувчилар учун фойда келтира бошлайди-да.

Юқоридаги жадвалдан кўриниб турибдики, талаб ва таклиф даражалари боғлиқлиги маълумотлари маълум бўлиб турганида талаб ва таклифнинг тенглигини таъминловчи нархнинг ягона варианти мавжуд бўлиб турибди — килосига 30 минг сўм. Бошқа ҳар қандай вариантларда ё маҳсулотнинг ортиқчалиги ёки танқислиги вужудга келади. Агар биз эркин бозорга эга бўлсак гўштнинг бозор нархи килосига 30 минг сўм даражасида ўрнашади (бу нарх мувозанат нархи деб аталади, чунки талаб ва таклифнинг тенглигини таъминлайди). Бозорга борган ҳар қандай киши яхши биладики, бозорда савдогарлар ва харидорлар кўп бўлса ва эркин рақобатга ҳеч нарса халақит бермаса, бозор нархи эртами-кечми мувозанат нархига яқин даражада тўхтайди.

Бозорнинг бу механизмлари ҳар қандай бозорда — гўшт бўладими, картошка, кийим-кечак, валюта ёки кредитлар бўладими — иш беради. Нарх ҳосил бўлиши нуқтаи назаридан бу маҳсулотлар ўртасида принципиал фарқ йўқ.

Сунъий танқислик нималарга олиб келади?

Танқислик нега ҳосил бўлади ўзи? Фақат бозор механизмларига нимадир халақит бера бошласа! Кўпинча уларга халақит берувчи икки сабаб бўлади: давлатнинг хатти-ҳаракатлари ва монополистларнинг хатти-ҳаракатлари.

Давлат энг эзгу истаклар билан баъзи бир муҳим, масалан, ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархини пасайтирмоқчи бўлади. Бунинг учун нима қилиш керак? Таклифни рағбатлантириш лозим. Таклиф қанчалик юқори бўлса, сотувчилар ўртасида рақобат ҳам шунчалик юқори бўлади ва нархлар шунчалик паст бўлади. Гўшт бозорига нисбатан қўлланиладиган бўлса, ем базасини, наслдорликни ривожлантириш, ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, рақобат йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш ва бошқа чоралар билан чорвачиликни қўллаб-қувватлаш лозим. Ана шунда бир неча йилдан кейин, агар дастур самарали бўлса, гўшт ишлаб чиқариш кўпаяди ва унинг нархи туша бошлайди.

Лекин ундан ҳам оддийроқ йўли бор: шунчаки нархларни пасайтиришга буюриш! Амалиётда, маълум бир нархдан қиммат сотишни тақиқлаш. Масалан, маъмурий тартибда, 1 кг гўшт нархини 25 минг сўм қилиб белгилаб қўямиз.

Бунда натижа қандай бўлади? Биз сунъий яратилган танқисликнинг типик манзарасига гувоҳ бўламиз. 25 минг сўм баҳода харидорлар 600 тонна гўшт сотиб олишга тайёр бўлишади, сотувчилар эса фақатгина 300 тонна таклиф қила олади. Ана сизга навбатлару, карточкалару, нарх юқорироқ бўлган қора бозор! Сотувчиларнинг аксариятига бу нархда гўшт сотиш шунчаки фойда келтирмайди. Улар нима қила бошлашади? Ёки бозорни бутунлай тарк этишади ёки нархлар қимматроқ бўлган хуфёна қора бозорга ўтишади.

Сунъий яратилган танқисликнинг энг асосий оқибати — пасайтирилган нархлар ушбу маҳсулотни ишлаб чиқаришни фойда бермайдиган қилади, натижада таклиф борган сари камая боради. Алал-оқибатда, эртами-кечми нархларни яна эркин қўйиб юборишга мажбур бўлинади, лекин бу ҳолатда улар дастлабки мувозанатлашган нархдан-да қимматроқ бўлади, чунки маҳсулотни ишлаб чиқариш қисқариб кетган бўлади. Қош қўяман, деб кўз чиқариш, дейилади бунинг отини.

Бошқа бозорларда ҳам маъмурий аралашувнинг оқибатлари худди ана шундай кўринишга эга бўлади.

Агар валюта бозорида маъмурий тартибда 1 доллар учун 3000 сўм белгилаб қўйилса, қачонки унинг мувозанатлашган нархи, айтайлик, 5000 сўм бўлса, танқислик иқтисодиётининг тўлиқ тўпламига эга бўламиз: талаб таклифдан ошиб кетади, валютани кимга бериш кераклигини амалдорлар ҳал қилишади, қора бозор ҳосил бўлади. Энг асосийси, валюта етказиб берувчилар — экспортчиларда рағбат ўлади, чунки 1 долларга 3 минг сўм нарх уларни мутлақо қониқтирмайди. Натижада, экспорт пасая бошлайди, ўз-ўзидан валюта ҳажми ҳам пасаяди ва унинг танқислиги ортади.

Агар кредит нархи, яъни фоиз ставкасини мувозанатлашган ставка (Марказий банк бу борада тижорат банкларига ўз «тавсиялари»ни жўнатиб туради) дан паст белгиласак ҳам худди шунга дучор бўламиз: кредит ресурсларига бўлган талаб таклифдан ортиқ бўлади, сотувлар банк ходимлари ўртасидаги тақсимотга айланади, арзон кредитларга эга бўлиш учун қарз олувчилар «шапка» беришга мажбур бўлишади, ўз-ўзидан фоиз ставкаси юқорироқ бўлган ноформал кредит бозори вужудга келади.

Энг асосийси. Кредит ресурсларининг манбаи нималигини биласизми? Омонатлар! Агар фоиз ставкалари паст бўлса аҳолида пулларини банкда сақлаш учун рағбат бўлмайди. Яъни пасайтирилган фоиз ставкалари туфайли молия сектори кредитлаш учун манбадан маҳрум бўлади.

Танқислик келиб чиқишига маъмурий тартибда ўрнатиладиган нархлардан ташқари яна бир сабаб бор: бозорни монополлаштириш ҳисобига таклифни сунъий чеклаш. Энг яққол мисол — ўзимизнинг миллий енгил автомобиллар бозоримиз. Импорт машиналар учун белгиланган ҳаддан зиёд божхона тўловлари импортчилар олдига енгиб бўлмас тўсиқлар қўяди, натижада маҳаллий истеъмолчиларни ўзимизнинг авто ишлаб чиқарувчимиз билан яккама-якка қолдиради. Бозордаги тўлиқ монополия ишлаб чиқарувчига ўз маҳсулотини ўта юқори нархларда сотиш имкониятини яратади. Лекин шу нархлар ҳам таклифнинг сунъий чекланганлиги шароитида мувозанатлашган нархлардан паст бўлади. Натижада: навбатлар, «шапкалар», олибсотарларнинг янада қимматроққа сотиши...

Хулоса қандай бўлиши керак? Агар биз танқислик иқтисодиётида яшашни, навбатларда туришни ва чайқовчиларга пул тўлашни истамасак, (солиқ тўловчилар ва сайловчилар сифатида) давлатимиз олдига қуйидаги наказларни қўйишимиз керак:

- ривожланган рақобат муҳити мавжуд бўлган, бозорнинг ўзи мувозанатлашган нархларни таъминлай оладиган ва истеъмолчиларни ишлаб чиқарувчиларнинг хоҳиш-амридан ҳимоя қила оладиган жойларда маҳсулотлар ва хизматлар нархларининг ҳосил бўлиш жараёнига маъмурий аралашувни бас қилиш;

- монополлашган бозорларда рақобатни турли йўллар билан ривожлантириш, янги ўйинчилар пайдо бўлиши учун (кўпинча давлатнинг ўзи ўрнатадиган) тўсиқларни олиб ташлаш;

- бозор нархларини пасайтириш (ёки ошишини чеклаш) учун курашни «кавалерияча» маъмурий усуллар билан эмас, бизнесни юритиш йўлидаги тўсиқларни йўқ қилиш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш каби қунт талаб қиладиган йўллар воситасида олиб бориш. Агар биз рақобатни қатъийлаштириш, бизнес муҳитини яхшилаш ҳисобига ишлаб чиқариш харажатларини камайтира олсак, мувозанатлашган нарх янада паст даражага тушиши тайин.