Тошкент давлат юридик университетида 1 август кунги кириш имтиҳони янги тартибда ўтказилади. Шунингдек, имтиҳон жараёни телевидение онлайн трансляция қилиниши режалаштирилган. Бу ҳақда «Ўзбекистон» телеканалида «Биз учун муҳим» ток-шоусида айтилди.

Ток-шоуда иштирок этган ҳуқуқшунос Хушнуд Худайбердиев янги ўқув йили учун кириш имтиҳонларини ўтказишда кутилаётган катта ўзгаришлар ҳақида гапирди.

«Айрим Олий таълим муассасаларимиз катта амалий ишлар бошлади, ОАВ билан ҳамкорликни йўлга қўйди. 

Мисол учун, ТАТУ (Тошкент ахборот технологиялари университети) биринчилардан бўлиб ҳужжатларни онлайн қабул қилишни йўлга қўйди, биринчилардан бўлиб абитуриент ўрнига бошқа одам имтиҳонга кирмаслигини таъминлаш учун бармоқ изини олишни йўлга қўйди, аудиторияларга кузатув камералари қўйишмоқда. Ёки ЎзМУда ҳам ижодий имтиҳонлар ўтказилган хоналарда кузатув камералари ўрнатди», дея у амалга оширилаётган ишларни эътироф этди.

У катта ўзгаришлардан бири Юридик университетда бўлишини айтди.

«Юридик университетда энди имтиҳонлар Юнусободдаги бир неча мактабда бўлмайди. Имтиҳон энди 1 август куни «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуаси ҳудудида, 4та катта павильонда ўтказилади. Ҳар бир павильонда 1500 нафардан абитуриент тест ечади. Худди Инҳа университетидагидек. 100дан ортиқ кузатувчилар бўлади. Имтиҳонда прокуратура ходимлари ишлайди. Шунингдек, имтиҳон жараёнини ота-оналар ва журналистлар кузатиб туриши мумкин», деган у.

У бошқа университетларни ҳам юқорида саналган ОТМларга эргашишга, ОАВ билан кўпроқ ишлашга чақирди.

Юридик университетда телефон олиб киришга уринган барча абитуриентлар тестдан четлатилади