Хитойда Халқ-озодлик армияси ташкил этилганининг 90 йиллигига бағишлаб ҳарбий парад ташкил этилди. Парад Ички Мўғулистон мухтор ҳудудидаги Чжужихэ машғулот базасида ўтказилди. Бу ҳақда Xinhua агентлиги хабар тарқатди.

Парадда ХХР раиси, Марказий ҳарбий кенгаш раиси Си Жингпин ҳам ҳарбий либос кийган ҳолатда иштирок этди. У сафлар қаршисида чиқиш қилди ва «Халқ озодлик армияси исталган хавфни бартараф этишга қодирлигини, мамлакат миллий суверенитети, хавфсизлиги ва манфаатларини ҳимоя қилиши» ҳақида гапирди.

Парадда қуруқликдаги қўшинларнинг жанговар гуруҳи, ахборий жангчилар гуруҳи, махсус ҳарбий ҳаракатлар гуруҳи, ҳаво ва ҳаво ҳужумидан мудофаа гуруҳлари, ҳарбий-денгиз кучлари гуруҳи, ҳарбий-ҳаво кучлари гуруҳи, комплекс таъминот гуруҳи, терроризмга қарши кураш гуруҳи, стратегик зарбдор гуруҳи иштирок этди. Сафлар устида вертолётлар учиб, «1 август» (ХХОА ташкил этилган сана) ва «90» рақами ҳосил қилинди.

парадда 12 минг ҳарбий хизматчи иштирок этди, 129 ҳарбий самолёт ва 571 та қуруқликдаги қурилма намойиш этилди.

Тадбир давомида кўрсатилган техниканинг 40 фоиздан ошиғи илк бор тақдим этилгани таъкидланмоқда. Жумладан, биринчи маротаба Хитойнинг янги DF-31AG қитъалараро баллистик ракетаси намойиш этилди.